Бостон портлашларида гумон қилинаётган ўспирин қўлга олинган

Бостон марафонидаги портлашларни ташкил этишда гумон қилинаётган 19 яшар ўспирин Жохар Царнаев бир неча соатлик махсус амалиётдан сўнг қўлга туширилган.
Гумондорни яраланган ва қонга беланган ҳолда Уотертаун шаҳридаги уйлардан бири ёнида турган қайиқда яширинаётган пайтида ушлашган.
Қайиқ эгаси қонга белинган кишини қайиқда кўрганидан кейин полицияга хабар берган.
Пайшанбадан жумага ўтар кечаси полиция билан ака-ука Царнаев ўртасида отишма юз бергани хабар қилинган, полиция гумондорлардан бирини ярадор ҳолда ушлагани, кейинроқ у ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқатган.
Уотертаун шаҳри аҳолисига уйларидан кўчага чиқмаслик маслаҳати берилди, иккинчи гумондорни қидириш бошланди.
Бостон полициясига кўра, қайиқда яширинаётган одам ҳақидаги маълумот олинганидан кейин у ерга полиция ва Федерал Қидирув Бюроси ходимлари ташланган.
Полицияга кўра, Жохар Царнаев қуролли қаршилик кўрсатган, бироқ уни тириклайин қўлга олишга муваффақ бўлганлар.
Гумондорнинг бўйни ва оёғидан яралангани, у ҳозир оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани хабар қилинган.
У кўп қон йўқотган.

АҚШ полициясига кўра, 15 апрел кунида Бостондаги югуриш марафонидаги портлашларни икки чечен ака-ука - 26 ёшли Тамерлан ва 19 яшар Жохар Царнаев содир этганлар.
Марафон финиш чизиғидаги портлашлар оқибатида уч инсон ҳалок бўлган, 170 дан ортиқ одам яраланган.
Асли Қирғизистонда туғилган ака-ука Царнаевлар 10 йилча олдин АҚШга бориб ўрнашганлар.
Уларнинг отаси АҚШда сиёсий бошпана олгани айтилади.
Гумондорларнинг отаси Анзор Царнаевнинг Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатида айтишича, ўғиллари яқиндан бошлаб масжидга қатнай бошлаганлар.
АҚШ Федерал Қидирув Бюроси хорижий давлат сўрови билан Тамерлан Царнаевни сўроқ қилганини маълум қилган.
Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Пол Адамсга кўра, афтидан бу хорижий давлат Россия бўлган.
Отасининг айтишича, ўғли Тамерлан охирги марта Россияда 2012 йилда бўлган.
Федерал Қидирув Бюроси Тамерлан Царнаев электрон почтасини текширган, бироқ экстремистларга алоқасини намойиш этадиган шубҳали ҳеч нарса топмаган.
Отаси Анзор Царнаев ўғилларининг террорчилик хуружларини содир этганига ишонмайди, ўғилларини қайсидир махсус хизматлар террорчиларга чиқариш мақсадида ҳужумга қўйиб берган.
Президент Барак Обама айтишича, АҚШда ўсиб катта бўлган ака-укаларни зўравонлик йўлига нима мажбур қилгани, уларнинг шериклари бўлган-бўлмаганини тергов аниқлайди.




























