Месси ва отаси қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Сурат манбаси, Getty
Испания маҳкамаси Испаниянинг "Барселона" жамоаси футболчиси Лионел Мессини солиқ тўлашдан бўйин товлаш, солиқ фирибгарлигида айбдор топиб, 21 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Шу билан бирга, бу иш бўйича маҳкамага тортилган Мессининг отасига ҳам шунча муддат тайинланган.
Бундан ташқари футболчи 2 миллион евро (2,2 млн доллар) миқдорда, унинг отаси эса 1,5 миллион евро жарима тўлаши керак бўлади.
Иккала судланувчи ҳам уч ҳолат бўйича солиқ тўламаганликда айбдор деб топилганлар.
Аввалроқ юлдуз футболчи ўзи ва отаси "ҳеч қачон ҳеч қандай қаллобликларга қўл уришмагани, солиқларни доимо ўз вақтида тўлаб келишгани"ни таъкидлаганди.
Бироқ Месси ва унинг отаси белгиланган муддатни қамоқда ўтказмасалар керак. Испания қонунчилигига биноан, икки йилдан кам муддат одатда шартли ўталади, деб хабар беради Рейтер ахборот агентлиги.

Шунингдек, Месси ва отасида ҳукм устидан Испания Олий маҳкамасига арз қилиш ҳуқуқи бор. Улар албатта бу ҳуқуқларидан фойдаланишлари кутилмоқда.
Футболчи Месси ва унинг отасига нисбатан айблов 2013 йил ёзида илгари сурилган, маҳкама шу йил июн ойида бошланганди. Мажлис давомида маҳкама футболчининг Danone, Adidas, Pepsi-Cola ва бошқа ширкатлар билан тузган реклама шартномаларини кўриб чиққан.
Мессининг суратини босиш ҳуқуқидан тушган даромад "Banco Sabadell", "Danone", "Adidas", "Pepsi-Cola", "Proctor and Gamble" ва Қувайт Озиқ-овқат ширкати билан имзоланган шартномалар билан боғлиқ.
Қоралов томонига кўра, Месси ва отаси 4,1 миллион евро миқдорида солиқни тўламаганлар. Бунинг учун улар офшор йўллардан фойдаланганлар, деб ҳисоблайди прокурорлар.
Маҳкама йиғилишида Месси ўз даромадлари билан боғлиқ ишлар билан шуғулланмагани, футбол билан банд бўлганини билдирган.
Аргентиналик Лионел Месси футбол тарихидаги энг кучли ўйинчилардан саналади. У дунёдаги энг яхши футболчига бериладиган ФИФАнинг "Олтин тўпи"ни беш марта қўлга киритган.

Сурат манбаси, Reuters
Жорий йилнинг июн ойида 29 ёшли футболчи Аргентина терма жамоаси учун ўйнашни ниҳоясига етказганлигини эълон қилди.
Унинг бу мурожаати Аргентина жамоаси Америка Кубоги финалида Чили жамоасидан мағлубиятга учраши орқасидан янгради.
Бу ўйинда Месси жарима тўпини рақиб дарвозасига кирита олмади.
"Мен учун миллий жамоа учун чиқиш якунига етди. Мен қўлимдан келган ҳаммасини қилдим, лекин чемпионликка етишмаслик жуда оғриқли", деган у журналистларга ўйиндан сўнг.
Лионел Месси дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиларидан бири саналади.
Унинг "Барселона"даги йиллик соф даромади 15 миллион евродан ортиқлиги айтилади.
Лионел Месси футболдан ташқари ҳомийлик қилиш билан шуғулланувчи дунёнинг кўплаб ширкатлари билан бир неча миллион долларлик шартномалар ҳам имзолаган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.




























