'Америка Ассад билан музокараларни қайта жонлантирмоқчи'

Сурат манбаси, AP
АҚШ Давлат Котиби Жон Керри халқаро ҳамжамият "охир-оқибат" Сурия Президенти Башар ал-Ассад билан музокара қилишга мажбурлигини айтган.
Сурияда ички урушлар бошланиб кетганига 4 йил тўлиши муносабати билан гапирган Керри жаноблари мазкур ихтилофни "биз гувоҳ бўлаётган энг оғир фожеалардан бири" сифатида таърифлаган.
Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Президент Ассадни янги мулоқотларни бошлашга ундамоқда. Бундан олдинги иккита музокаралар давраси муваффиятсизликка учраганди.
Суриядаги қарама-қаршиликларда, ҳисоб-китобларга кўра, 215, 000дан ортиқ инсон нобуд бўлган.
Жаноб Керри Мисрнинг Шарм аш-Шайх оромгоҳида берган интервюсида АҚШ урушга сиёсий ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қайта жонлантириш учун қаттиқ ишлаётганини таъкидлаган.
Америка Давлат Котиби CBS News каналига гапираркан, Қўшма Штатлар Суриядаги мўътадил мухолифат билан ишлаб келаётгани, шу билан бирга "мазкур фожеага бош қўшган қатор муҳим ўйинчилар"ни ҳам дипломатик ҳаракатларга ундаётганини айтган.
"Ҳамма бунга ҳарбий ечим йўқ деган фикрга қўшилади; биргина сиёсий ечим бор", дейди Америка Давлат Котиби Жон Керри.
Оқ Уй ўтмишда Башар ал-Ассадни сиёсий муросанинг бир қисми ўлароқ истеъфо бериши кераклигини урғулаб келган.
Би-би-сининг дипломатик масалалардаги мухбири Жонатан Маркусга кўра, Керри жанобларининг изоҳлари Вашингтон Сурияга қаратилган сиёсати ҳеч қандай самара бермаётгани ҳақиқатини англаб етаётганига аниқ ишорадир.
"Президент Ассад "муаммонинг бир қисми ва у кетиши керак" қабилидаги тез-тез янграйдиган баёнотлар барчаси яхши, аммо унинг ағдарилиши аломати кўринмайди", дейди мухбиримиз.
Жонатан Маркуснинг айтишича, Сурияда янги ўйинчи - "Исломий Давлат"нинг бўй кўрсатиши кўплаб экспертларни агар жаноб Ассад қудратдан кетказилса, асосий фойда кўрадиган гуруҳнинг жиҳодчилари бўлиши мумкинлигига ишонтирган.
"Агар бундай вазиятни тасаввур қилиш мумкин бўлса, Сурия бош-бошдоқлик қаърига янада чуқурроқ ботиши ва янада кўпроқ қон тўкилиши мумкин", дейди Би-би-си мухбири.
Жон Керрига кўра, Америка "ҳар доим Женева I жараёни контекстида музокара олиб боришга мойил бўлиб келган". У бу билан ихтилофга барҳам беришга қаратилган 2012 йилги режани назарда тутган. Режага биноан Сурияда ўтиш даври ҳукумати тузиш ва адолатли сайловлар ўтказилиши лозим эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02






























