АҚШ Башар Ассад билан келишишга тайёрми?

Сурат манбаси, Getty
АҚШ 26 январда Москвада ўтаётган Сурия бўйича тинчлик музокараларини қувватлаши Оқ Уй маъмуриятининг "музокаралар учун аввало Башар Ассаднинг ҳокимиятдан кетиши шарти"дан норасмий тарзда воз кечганини англатади, дейди таҳлилчилар.
Guardian мухбири Саймон Тисдоллга кўра, бугун бошланган Москва музокаралари Сурия масаласида бу саволга аниқлик киритади.

Сурат манбаси, AFP
Сурия ҳукумати ва мухолифати вакиллари учрашувида 30га яқин киши қатнашмоқда.Тўрт кунлик саммитда халқаро ҳамжамият вакиллари бўлмайди.
Томонлар Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашишлари кутилади.
Дастлабки икки кунда мухолифат гуруҳлари аъзолари учрашишади. 28-29 январ кунлари музокараларга расмий Дамашқ вакиллари қўшилишади.

Сурат манбаси, Reuters
Октябр ойида АҚШ Бош котиби Жон Керри Башар Ассад қудратда экан, Сурияда тинчликка эришиб бўлмаслигини айтганди.
Бироқ БМТнинг Суриядаги элчиси Стаффан де Мистура билан учрашувда бу режим ўзгариши ҳақида сўз ҳам бормади.
"Президент Ассад ва унинг режими энг аввало халқининг манфаатларини ўйлаб кўриш фурсати етди. Уни ағдариш учун жангарилар Сурияда тобора кўпроқ ҳудудларга кириб бораётган экан, режим ўзининг кейинги ҳаракатлари оқибатларини ўйлаши лозим", деган АҚШ Бош котиби.

Сурат манбаси, Reuters
Сурияда ҳозиргача 200 мингдан ортиқ инсон умрига зомин бўлган урушнинг охири кўринмайди.
Жаноб Керрининг террористик таҳдидга урғу беришидан Оқ Уйнинг Сурия ҳукуматига нисбатан гапириш оҳанги нега ўзгарганини сезиш мумкин.

Сурат манбаси, AFP
Айни пайтда АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий мақсади Сурия ҳудудининг қарийб ярми ва Ироқнинг катта қисмини ўз назоратига олган "Исломий давлат" га қарши курашга қаратилган.
Бу вазифа муҳимлиги жиҳатидан Сурияда фуқаролар урушини тугатиш ва Эрон ядровий лойиҳаси бўйича келишувга эришишдан баландроқ турибди. Агар АҚШ ва Эрон Сурия бўйича келиша олса, Эрон ядровий лойиҳаси бўйича ҳам бир тўхтамга келиш осонроқ бўлиши мумкин.
Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Сурияда ва ундан ташқарида терроризмга қарши кураш асосий вазифалардан бири эканини айтган Москва музокараларидан олдин.
Москва фикрича, Вашингтон муаммони сиёсий йўл билан ечишдан қочиб бўлмаслигини англаган кўринади.
Олдинроқ Россия томонидан мухолифат ва Ассад ҳукумати вакилларининг учрашувини ташкиллаштириш ғояси Ғарб учун "сиёсий ўйин" сифатида қабул қилиниши мумкин эди.

Сурат манбаси, Reuters
Бугунга келиб, АҚШ раҳбарияти Сурия мухолифатини Москвадаги анжуманда қатнашишга чақирди.
Терроризмга қарши кураш, ўт очишни тўхтатиш ва Женевада тинчлик музокараларини бошлаш томонларнинг мақсади бўлиши керак.
Москва Ассадга хавфсизлик кафолатини бермаса ҳам, унинг тарафдори бўлиб қолаверади. АҚШ Ассад ўз хоҳиши билан кетишига умид қилади, бироқ буни энди тинчлик шартномаси тузилиши учун асосий шарт қилиб қўймаяпти.
Сурия мухолифати ва унинг Туркия ҳамда Саудия Арабистонидаги тарафдорлари учун Башар Ассаднинг ҳокимиятда қолиши маъқул эмас. Бироқ "Исломий давлат"нинг фаоллашиши орқасидан Сурияда Ассадни қувватловчилар кўпаяётгани кузатилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002





























