Таксингизга Толибон жангариси чиқиб қолса, нима қиласиз?

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Жамияти минг анъанадор ва мамлакати давомий зўравонликлар гирдобида бўлмайдими, Сора хоним юрак ютиб, Афғонистонда таксичилик қилишни танлаган биринчи аёл киши бўлади.

Сора хоним ҳозир 40 ёшда. Аммо қора қозонини қайнатиш ёш боши билан ёлғиз ўзининг елкасида қолгани боис, ҳалиям оила қурмаган.

Ўзининг айтишича, Афғонистонда Ҳафизулла Амин қудратда бўлган 70-йиллар бошларида отаси қатағонга учрайди.

Бироз ўтмай акаси ҳам ҳаётдан кўз юмади. Уч укасини эса, Шўролар Иттифоқининг етимхонасига олиб кетишади.

Буларнинг барчаси ортидан эса, ярим жон онаси, Мозори Шарифда бўлган опаси ва ҳали мактаб ўқувчиси бўлган ўзигина уччовлон қолишади.

Сора хоним асли фарёблик. Аммо ана шу воқеалардан кейин паноҳ истаб онаси билан бирга опасининг ёнига, яъни Мозори Шариф шаҳрига келишади.

Муҳаммад Нажибулла бошчилигидаги коммунистик тузум қудратга келган, ағдарилган, фуқаролар уруши кечган, бунинг ортидан толиблар ҳокимиятни эгаллаган ва алал-оқибат АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонга кириб келган ўтган давр оралиғида ҳам тўрт танга пул илинжида қора меҳнатдан қочмаган.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, таксичиликка қадар қўл урган юмушлари ҳам озмунча бўлмаган.

Ногиронларга кўмак беришдан тортиб, мактабда муаллимлик дейсизми, буёғи тикувчилик....

Аммо Сора хоним, буларнинг барчасига қарамай, бир умр машина ҳайдашни орзу қилгани ва бундан 10 йил бурун ўзининг ниятига етганини айтади.

Суҳбатдошимизга кўра, отасидан қолган тўрт парча ерни сотиб ва ниҳоят машина сотиб олади.

Ҳам даромад ва ҳам буромад деганларидек, машина фалаж онасини олиб юришга қўл келиши баробарида уларга қора қозонларини ҳам қайнатиш имконини беради.

Сора хонимнинг айтишича, ўзларидан ортиб, ошқозон саратонига чалиниб, меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган укасининг тўққиз жондан иборат оиласини ҳам боқади.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, дастлабки йиллари таксичилик қилиши осон бўлмаган.

Унинг айтишича, рулга ўтирган аёл киши экани боис, одамлар таҳдид ва ҳақорат қилган ҳоллар ҳам оз эмас.

Баъзи пайтлари, барибир, журъатим етмай, кўчага чиқолмаган пайтларим ҳам бўлган, дейди у киши.

"Одамлар менга турли йўллар билан азият беришга уринишар, уларнинг кўзига хатарнок ва ваҳшатнок бўлиб кўринардим. Одамлар менинг машинамни ўраб олишарди".

Лекин шунга қарамай, Сора хоним фақат Мозори Шарифнинг ўзи билан чекланмай, ҳатто, қўшни Шибирғонгача мусофир элтганини айтади.

Айниқса, хотин-қизлар орасидан йўловчиларим кўп эди. Улар ҳайдовчининг эркак эмаслигини кўриб, кўпроқ менинг таксимда кетишни исташарди, дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, Сора хонимнинг айтишича, сўнгги беш йилда вазият анча ўзгарган: Авваллари қўрқа-писа, яширинча таксичилик қилган бўлсам, ҳозир бемалол, дея кулади у.

Ҳозир эса, машинасини "Toyota Corolla"га ўзгартириб олишгача муваффақ бўлган.

Суҳбатдошимизга кўра, шунча вақт оралиғида ўндан ортиқ аёлга ҳам машина ҳайдашу, таксичилик қилишни ўргатиб улгурган.

Бу орада эса, асалариларига қарайди, гулларини парваришлайди, паррандаларини боқади, мактабда муаллималик қилади ва ҳатто, уч ногирон беморнинг уйига бориб, массаж қилишга ҳам улгуради.

Сора хонимнинг осон бўлмаган ва ўзига хос ҳаёт йўли билан танишиш учун, Мозори Шарифдаги мухбиримиз Шекибо Қоризоданинг у киши билан суҳбатини тингланг: