'Россия қўшинлари Украина сарҳадларидан узоқлаштирилмаган'

Published

АҚШга кўра, Россия Украина билан чегарадаги 75 километрлик ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиққани йўқ.

Бунга далил сифатида сунъий йўлдошдан олинган янги суратларни эълон қилган.

Фотосуратлар АҚШ Давлат департаменти ва АҚШнинг НАТОдаги миссиясининг Twitterдаги аккаунтларида эълон қилинган.

Бир ҳафта олдин Президент Владимир Путин Россия қўшинлари Россия-Украина чегарасидан олиб кетилганини айтган эди.

НАТО бу баёнотни рад қилган.

НАТОга кўра, Украина яқинида Россиянинг 40 мингтача қўшини мавжуд.

Америка Қўшма Штатлар Давлат департаменти расмий веб-сайтида 9 ва 12 майда олинган икки сурат эълон қилинган.

Унда 20 га яқин Россия тикучарлари чегарадан 40 километр узоқликдаги Белгород базасида тургани акс этган.

Белгороддаги база фотосурати
Сурат тагсўзи, Белгороддаги база фотосурати
Ростов-Дондаги ҳарбий база фотосурати
Сурат тагсўзи, Ростов-Дондаги ҳарбий база фотосурати

Бундан олдин 26 мартда олингани айтилгани суратда худди шунча тикучарлар кўринади.

Янги фотосуратларда ўнлаб зирҳли техника борлигини кўриш мумкин.

Уларнинг сони ва жойлашиши 23 мартда олинган суратдагидан деярли ўзгармаган.

НАТОга кўра, бундан икки йил олдин шу ерда олинган суратда ҳеч нарса бўлмаган.

НАТО дастлабки суратларни эълон қилганда Россия ҳукумати суратлар ўтган йил олинганини таъкидлаган.

Янги суратларни ҳам Россия томони инкор қилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлигининг собиқ бошқарма бошлиғи генерал Евгений Бужинский бу суратларнинг ҳақиқийлигига шубҳа бор, деб айтган.

“Ўтган йил олинган суратларни кенг жамоатчиликка янги деб кўрсатиш қийин эмас. Бундан ташқари фазодан олинган суратларни аввало тушуниш керак. Бироқ учоқлар қаерда олинган? Балки Узоқ Шарқдадир. Сурат айнан кеча ва Белгородда олингани ҳақидаги сўзларга ишониш керакми?, деб айтган генерал Евгений Бужинский.

НАТО мутахассислари бу қўшинлар Украина ҳукуматини қўрқитиш учун олиб келинганига шубҳа қилмайди.

Бироқ улар ҳар қандай вазиятда ишга солинмаслигига ишонч йўқ.

Россиянинг тўлиқ жанговар ҳолатдаги 40 минг армияси чегарада, яна 25 мингги Қримда турибди.

Янги суратларда бунга йўналтирилган барча ҳарбий техникаларни кўриш мумкин, деб айтади НАТОнинг биргаликдаги амалиётлар қўмондонлиги вакили Мартин Дауни.