Бразилиядаги норозиликларда бир миллиондан ортиқ инсон иштирок этди

Бразилиянинг 100 дан ортиқ шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойишларида бир миллиондан кўпроқ инсон иштирок этгани хабар қилинган.
Зўравонликлар кўплаб жойларда қайд этилган, Сан Паоло штатида автомобил баррикадага бориб урилиши оқибатида 18 яшар ёш йигит ҳалок бўлган.
Транспорт нархларининг қимматлашувига эътирозан бир ҳафта муқаддам бошланган намойишлар кейинчалик мамлакатдаги коррупция ва келгуси йил бўлиб ўтажак футбол бўйича Жаҳон Кубогига сарфланаётган маблағнинг ортиб бораётганига қаратилди.
Президент Дилма Роусеф бўҳрон билан шуғулланиш мақсадида ўзининг Японияга сафарини бекор қилган.
У инқирозни муҳокама этиш учун ўз ҳукумати аъзоларини жума куни фавқулодда йиғинга чақирган.
Пайшанбадан жумага ўтар тунда Rio de Janeiro шаҳрида полиция шаҳар ҳокимияти биносига яқинлашишга уринган бир гуруҳ ниқобли ёшларга қарата кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларини отган.
Камида 29 нафар одам яралангани хабар қилинади.
Рио расмийлари давлат бинолари, вилоят губернатори ва шаҳар ҳокими идораларини муҳрлаб ташлаганлар.
Телевидение орқали дўконларни талаётган оломон намойиш этилган.
Риодаги кўплаб дўконлар ва банклар эшиклари тахталар билан михлаб ташланган.
Пойтахт Брасилияда эса полиция Ташқи ишлар вазирлиги кираверишини ёқиб юборишга уринган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларини ишга солган.
Шаҳардаги бошқа ҳукумат бинолари намойишчилар томонидан ҳужумга учраган ва полиция оломонни тарқатиб юбориш учун газ ва резина ўқлардан фойдаланган.
Басилияда 26 нафар инсон жароҳат олгани хабар қилинади.
Конфедерация Кубоги учун Нигерия ва Уругвай жамоалари ўртасида бўлиб ўтажак ўйиндан олдин Салвадор стадиони ташқарисида тўқнашувлар юз берган.
Бразилия жанубидаги Порте Алегре ва шимолидаги Кампинас ва шимоли-шарқий Салвадор шаҳрида ҳам тўқнашувлар юз бергани хабар қилинади.
Ҳозирги тартибсизликлар 1992 йилдан буён қайд этилаётган энг йирик тартибсизликлардир.





























