
Президент Барак Обама президентлик курсисига қайта чўкиб, иккинчи муддатга сайланишдек муваффақиятидан лаззатланиши олдидан, у олдида турган баъзи қийин вазифаларни ўйлаб кўришига тўғри келиши мумкин.
Мана бу унинг президентлик столида ётган бешта асосий масала.
Оқсаётган иқтисод

АҚШ Буюк Депрессия давридан бери энг ёмон деб кўрилган иқтисодий инқироздан секин-аста эмаклаб чиқмоқда.
Ишсизлик камайган, лекин ўжарлик билан барибир юқори қолмоқда - ишсизлик даражаси ҳозирда 7.8 фоизга тенг. Миллионлаб ишсиз америкаликларни қайта ишга ёллаш жуда секин юз бераяпти. Иқтисодий ўсиш эса учинчи чоракда 2 фоизга тенг бўлди.
Ҳатто кичик бир зарба ҳам иқтисодни яна қулатиши мумкин.
АҚШни оқсатаётган кўплаб омиллардан баъзилари Оврўподаги қарз инқирози ва унинг глобал савдога бўлган таъсири, АҚШ кўчмас мулк бозоридаги давом этаётган муаммолар, АҚШ ҳукуматининг қисқа муддатга мўлжалланган мавҳум молиявий сиёсати ва Вашингтонда боши берк кўчага кириб қолган сиёсий фарқлар.
Буларнинг барига қарамай, америкаликлар охирги ҳафталарда бир қатор ҳуш хабарларни ҳам олишди - иш ўринлари бироз ўсган, Ички ялпи маҳсулот секин-аста кўтарилмоқда, кўчмас мулк бозори сал оёққа тура бошлаган, ва америкаликлар истеъмолчиларида ўзига ишонч пайдо бўла бошлаган.
Агар, иқтисодий таҳлилчилар башорат қилаётгандек, иқтисод гуллаб-яшнайдиган бўлса, бунга жаноб Обама ўз ҳизмати дея даъвогарлик қилса ажабмас.
Молиявий жар ва бюджет дефицити
1 январдан бошлаб солиқлар ошади ва ҳукуматнинг ижтимой хизматлар учун ёрдами кесилади. Бу деярли ҳар бир америкаликнинг чўнтагига таъсир қилади ва шундоқ ҳам ожиз иқтисодни барбод қилиши мумкин. Лекин, Конгресс бу салбий таъсирни бартараф этишнинг йўлларини топиши мумкин.
"Молиявий жар" сиёсат ва молия бир-бирига беҳосдан урилишидан келиб чиққан муаммо эмас. Уни 2011 йилда жаноб Обама ва Конгресс ўзаро келишиб яратганлар. У Обама ва Конгрессни узоқ муддатда АҚШ бюджет дефицитини камайтиришга рағбатлантириши кўзда тутилганди.
Унинг маъноси шуки, Демократлар ва Республикачилар ўз томонлари учун муҳим бўлган мудофаа ва ижтимоий дастурларга бериладиган молиявий ёрдамнинг, ҳамда Жорж Буш давридан қолган паст даражали солиқ кўрсаткичлари кесилишига қарши курашишлари керак.
Улар қонунга "вақтинчалик" деб киритилганди, лекин Конгресс улардан воз кечиш истагини изҳор қилмаяпти.
Ижтимой хизматларнинг кескин кесилиши ва солиқларнинг оширилиши биргаликда қалтироқ АҚШ иқтисодини яна рецессия қаърига улоқтириши мумкин. Бундай огоҳлантириш деярли ҳар бир иқтисодчи томонидан янграяпти.
"Бу оддий макроиқтисод. Консервативмисиз ё либерал, агар солиқлар ошиши ва харажатлар кесилиши билан талаб 500 миллиард долларга озайса, жарга қулашингиз турган гап", - дейди Мэриланд Университети профессори Питр Моричи.
Умид қилинаётгани шуки, АҚШни бу жара ёқасидан қайтарадиган "келишув" дефицит муаммосини ҳам ҳал этади. Дефицит бу йил 1.1 триллион долларга, яъни Ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизига тенг.
Бундай келишувга эришиш учун, президент ва Конгресс Medicare ва Social Security каби ижтимоий дастурлар, 651 миллиард долларлик мудофаа бюджети ва даромад солиғи борасидаги ўзаро фарқларини тезроқ бартараф этишлари керак бўлади.
Эрон

Эрон бир қатор АҚШ сиёсатларининг ўзаро тўқнашадиган нуқтасида турибди - АҚШнинг Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши, Ироқда барқарорликни таъминлаш, Исроил-Фаластин масаласига ечим топиш, террорчиликка қарши кураш, энергия заҳираларига йўл очиш ва ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш масалаларининг бари Эрон билан боғлиқ.
АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини бартараф қилиш йўлида қатъий қолаяпти. Эрон ўз ядровий дастури буткул тинч йўлда эканини айтади, ва унинг раҳбарияти Эрон иқтисодини тобора кўп қийнаётган халқаро санкцияларга қарши курашишда давом эттиришларини айтишган.
"АҚШ ва Эрон ўртасида амалда совуқ уруш кетаяпти", - дейди Халқаро Тинчлик учун Карнеги фондидаги Эрон бўйича таҳлилчи Карим Саджадпур.
Унга кўра, Эрон руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий қўли остида Эрон ўз миллий манфаатларини фақат АҚШга зиддият асосида белгилайди.
Жаноб Обама ҳисобга олиши зарур бўлган яна бир омил Эрон ядровий инфратизилмасига бўлган Исроил ҳарбий ҳужуми таҳдиди. Эрон жавобан ҳужум қилишга ваъда берган.
Жаноб Саджадпурга кўра, жаноб Обама учун муҳим вазифа ҳарбий кучга қўл урмай туриб, Эроннинг ядровий амбицияларини текшириш бўлади.
"Бу контекстда Эронни назарда четда қолдириб бўлмайди. Бу давлатга қилинган ҳарбий ҳужум АҚШ ҳалқаро саҳнада юз тутаётган бошқа ҳар бир муаммони янада қийинлаштиради ва минтақавий урушга сабаб бўлиши мумкин", - дейди у.
Medicare харажатлари

65 ёшдан юқори ва ногирон америкаликлар учун мўлжалланган баҳайбат Medicare дастурининг яқин орада пули қолмаслиги башорат қилинган.
Демократлар ғурурланувчи қарийб 50 йиллик бу дастурнинг елкасида иккита оғирлик турибди - самарасиз соғлиқни сақлаш тизимининг ошиб бораётган харажатлари ва нафақахўрлар сонининг кўпайиши. Нафақахўрларнинг кўплари яқин орада давлат имтиёз пулларига ҳақли ёшга етадилар.
Medicareнинг касалхона суғурта дастури, ҳозирги кўрсаткичларга биноан, 2024 йилга бориб бор пулини сарфлаб бўлади. Чексиз молияга эга бўлган уй ташрифлари ва рецепт дорилари дастурлари 2035 йилга бориб Ялпи ички маҳсулотнинг 3.4 фоизига тенг бўлади. Ўтган йили бу кўрсаткич 2% эди.
"Ошиб бораётган харажатлар муаммосини ҳал қилиш жуда қийин", - дейди Бюджет ва сиёсий приоритетлар маркази тадқиқотчиси Пол Ван де Вотер.
Medicare ва Medicaid Services марказларининг собиқ раҳбари Дон Бервик эса Medicare харажатларини бироз ўзгартириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини айтади. Унга кўра, бутун соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш лозим.
"Medicareнинг асоратлари, яъни биз давлат сифатида кўтара олмайдиган харажатлар - бу Medicare асоратлари эмас, балки соғлиқни сақлаш тизимининг асоратлари. Американинг соғлиқни сақлаш тизими бизнинг талабларимизга жавоб бера олмайди. Муаммонинг илдизига қарамоқчи бўлсангиз, ҳукумат ёки хусусий ширкатлар ролига эмас, балки умуман Америка соғлиқни сақлаш тизими қандай қурилгани ва қандай етказиб берилишига қараш керак", - дейди у.
Конгресс билан ишлаш

Жаноб Обама яна бир бор тўрт йилдирки боши берк кўчага кириб қолган, ҳатто почта номини ўзгартиришдек масалада ҳам ўзаро "ёқалашадиган" конгрессменларига юз тутмоқда.
Кўплаб таҳлилчилар Конгресс бўлинганича қолишини башорат қилишган - Республикачилар Вакиллар палатаси устидан назоратни сақлашса, Демократлар оз фарқ билан Сенатдаги аксар ўринларни эгаллаб қолишади.
Яқин муддатда Республикачилар отдан тушиб, Демократлар билан муросаага боришларига ҳеч нима ишора қилаётгани йўқ. Унинг устига, улар нафақат Вакиллар палатаси, балки Сенатда ҳам қонунларга вето қўйиш учун етарли овозга эгалар.
"Бу сайлов бизни яна қандайдир тоқатбарор сиёсатчиликка қайтаради деган ишора йўқ. Бу зиддият ҳали анча давом этади", - дейди "Аҳвол бундан ҳам ёмон: Америка конституциявий тизими янги экстремизм сиёсати билан қандай тўқнашди" китоби муаллифдоши ва таниқли конгресс таҳлилчиси Норман Орнштайн.
Азиз Ўқувчи!
Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.
Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.
Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.
Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.
Биз билан боғланинг
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

























