
Кейинги ҳафтада толибларнинг ҳужумлари кучайгани айтилмоқда
Маҳаллий расмийларнинг айтишича, Ҳилманд вилоятининг Мусоқалъа туманида йўл ёқасидан икки аёл дохил боши танасидан жудо қилинган 17 кишининг жасади топилган.
Жасадларнинг танасида калтак ва ўқ излари борлиги айтилган.
Туман ҳокимига кўра, эркаклар мусиқа эшитиш ва аёлларнинг рақсларини томоша қилиш учун йиғилган бўлишган.
"Биз бу ҳодиса орқасида аниқ ким турганини билмаймиз, лекин текширишлар давом этяпти" деб айтган Франс пресс агентлигига маҳаллий расмийлардан бири.
Воқеа толиблар назорат қиладиган туманда содир бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳодиса Толибоннинг иши бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, душанба куни толиблар Ҳилманд вилоятидаги кузатув пунктини ҳужумга олиши натижасида 10 та афғон аскари ўлдирилган.
Ҳужумларда қарийб 200 га яқин жангари иштирок этган, улардан 11 таси яксон этилган.
Вашир туманига уюштирилган ҳужум натижасида тўртта аскар яраланган, олтитаси бедарак йўқолган.
Уларнинг гаровга олингани ёки толиблар томонига ўтгани ҳақида тахминлар бор.
Ҳилманд вилояти раҳбарлари ҳодиса юзасидан текширув бошланганини айтишган.
Афғонистоннинг бошқа, Лағмон вилоятида америкалик экани айтилган НАТОнинг икки аскари ўлдирилган.
Ҳужум уюштирган афғон аскари кийимидаги киши ҳам халқаро кучлар томонидан отиб ташланган.
Йил бошидан буён халқаро кучларнинг камида 40 та аскари ҳалок этилган.
Бу ҳужумларнинг аксариятини Толибон ўз зиммасига олган.
НАТО расмийларига кўра, ҳодисаларга шахсий адоватлар ҳам сабаб бўлган.
Айни пайтда Афғонистонда халқаро кучларнинг 130 мингга яқин аскарлари жангариларга қарши курашмоқда.

























