АҚШ: 'Ливияга қарши ҳаво ҳужумларида тинч аҳоли жабр кўргани йўқ'

Сурат манбаси, Reuters
НАТО Америка Қўшма Штатларидан Ливия узра учиш тақиқланган ҳудудни жорий этиш масъулиятини ўз зиммасига олмоқда.
Иттифоқ Бош котибининг билдиришича, НАТОнинг ваколати фақат шу билан чекланади.
АҚШ, Британия ва Франция томонидан олиб борилаётган алоҳида амалиёт эса, Ливия фуқароларининг ҳимоясига қаратилади.
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, Ливия узра учиш тақиқланган ҳудудни жорий этиш ишларига Бирлашган Араб Амирликлари ҳам қўшилади.
Айни пайтда Би-би-си билан суҳбатида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси Ливияда иш бераётганини айтди.
"Менимча, у ўзини жуда самарали қадам сифатида оқлади. У Ливия ҳукуматининг тажовузини бартараф қилди ва Бинғозию бошқа ҳудудлардаги оддий фуқароларнинг ҳаётини ҳимоя қилди. Лекин, буёғининг қандай бўлишини кутишимиз керак. Менимча, ҳарбий қудрат устун келади,"деб айтган БМТ Бош котиби.
Аҳоли орасида талофатлар йўқ
Ливияга қаратилган амалиётлар бўйича АҚШ қўмондони иттифоқчи кучлар олиб борган ҳаво ҳужумларида тинч аҳоли вакилларидан талофатлар бўлгани хусусида хабарлар йўқлигини таъкидлаган.
Адмирал Жерард Ҳьюбернинг изоҳлари Муаммар Қаддофий ҳукумати бунинг акси бўлганини даъво қилиши ортидан янграган.
Аввалроқ, Британия Ҳаво кучлари вице-маршали Грег Багуэлл Полковник Қаддофий ҳаво кучлари "бундан буён жангавор кучга эга эмас"лигини айтганди.
Қўшма Штатлар етакчилигидаги халқаро кучлар беш кун кетма-кет Ливия устидан тунги ҳаво ҳужумларини давом эттиришди.
Гувоҳлар Триполи шарқидаги Тажура минтақасида жойлашган ҳарбий базада портлаш юз берганини айтишган.
Чоршанба куни кечда ҳукумат танклари исёнчилар назоратидаги ғарбий Мистара шаҳри касалхонасини нишонга олганлари хақида хабарлар келди.
Аввалроқ, гувоҳларга кўра, шаҳарни ўраб олган танклар халқаро кучлар ҳаво ҳужумлари ортидан ортга чекинишган.
Айни пайтда мамлакат шарқидаги стратегик муҳим ҳисобланган Аждабия шаҳарчасида Қаддофийга содиқ кучлар ва исёнкорлар ўртасида қақшатқич жанглар кечгани ҳам хабар қилинади.
Ўз уйларини ташлаб қочаётган одамлар шаҳар тўплардан ҳужумга тутилаётгани, отишмалар кечаётгани ва уй-жойлар ўт ичида қолгани ҳақида айтишган.
Ливия масаласига ечим топилмоқдами?
Би-би-си ходими Муҳаммад Хуссайнга кўра, бугунга келиб, Ливия муаммосига ечим кўринмаётгандек. Муаммар Қаддофий ҳукумати мамлакат ғарбида маҳкам ўрнашиб олган, мамлакат шарқи исёнчилар қўлида.
БМТ хавфсизлик кенгашининг Ливияга доир 1973 қарорида оташкесим жорий этилиши ва мамлакат бўйлаб парвоз таъқиқланган ҳудуд эълон этилиши назарда тутилган. Ливия раҳбарларига тегишли барча молиявий ҳисоблар ҳам музлатилган.
Қарорда тинч аҳолига ҳужумлар барча чораларнинг олди барча йўллар билан олинишига рухсат берилади, аммо Ливия ҳудудига истилочи кучлар ҳеч қандай шаклда қадам босмаслиги ҳам урғуланади.
17 март куни қабул қилинган резолюциядан кейин Америка бошчилигида Франса ва Британия ҳаво кучлари Ливия ҳаво мудофаа тизимини вайрон қилиш учун бир неча рейдлар ўтказишди. 19 Март куни Қаддофий кучларининг бомбардимон этилиши билан Бенғозига ҳужум олди олинди.
Аммо, Қаддофийнинг ҳаво ҳужумлари имкониятидан маҳрум этиш билан исёнкорлар муваффақиятларга эришади деган қараш ўзини тўла оқламади.
Бенғозийни ўз қароргоҳига айлантирган исёнкорлар парвоз таъқиқланган ҳудуд яратган имкониятлардан фойдаланишолмади.
Исёнкорлар жангу жадал ва ё қўмондонлигу бошқаришнинг ҳадисини деярли олишмаган. Қаддофийнинг қўшинлари эса яхшигина қуролланган ва тажрибага эга.
Бундан ташқари, бошида Қаддофийга терс бурилган ҳарбийлар исёнкорларга қўшилиш ўрнига, ғойиб бўлишган кўринади.
Исёнкорлар сиёсий маънода ҳам муваққат ютуқлару зарбалар давомида Қаддофийни ағдаришдан бошқа бирор бир ғоя ва ё режани ўртага ташлай билмадилар. Яъни, Ливияга доир уларнинг мақсадлари нима? Бу савол очиқ қолмоқда. Айрим Ливияликлар Ғарб давлатларининг БМТ кенгаши резолюцияси билан Ливиядаги, кўпчиликка таниш бўлмаган бир тарафни қўллаб - қувватлашини яхши тушунишмаган кўринади.
Бу мушкул масалалар, албатта, Ливия келажаги ва ё исёнкорлар мақсадларини очиқламайди.
Қаддофий ҳаво кучларисиз исёнкорларни мавҳ этиши мушкул. Исёнкорлар эса, афтидан режалаш ва ташкиллаштиришда оқсамоқда ва бу уларнинг ғарб томон юришларига ёрдам бермайди.
Ливиядаги бу ҳолат чўзиладиган бўлса мамлакатнинг икки томони икки қудрат остида қолади. Бир томондан Қаддофий, иккинчи томондан исёнчилар.
Иккала томон ҳам бунақа бир ҳолатни қабул қилмаслигини урғуламоқда.
Иттифоқчи давлатлар ҳам буни исташмайди. Чунки, мамлакатнинг ярми Қаддофий томонидан қолган ярми исёнкорлар томонидан бошқарилар экан, тинч аҳолига ҳужумлар хавфи сақланиб қолади. Унда бутун мамлакат бўйлаб парвоз таъқиқланган ҳудуд ҳам номаълум муддатга кучда қолиши керак.
Ироқда бу каби чора 10 йил амалда бўлди. Аммо, иттифоқчилар буни исташмайди, чунки жамоатчиликнинг дастаги тобора озайиб бориши мумкин. Иккинчи томондан, айни чорани амалда ушлаб туриш жуда қимматга тушади.






























