Москвада гиёҳванд моддаларга қарши курашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Кўкноризор
Сурат тагсўзи, НАТ О ҳарбийларига кўра, кўкноризорларни вайрон этиш афғон деҳқонларини толибларга қўшилиб кетишларига олиб келиши мумкин
    • Author, Давлат Қудрат
    • Role, Би-би-си, Москва
  • Published

Анжуманда Президент Дмитрий Медведев халқаро ҳамжамиятни Афғонистондан гиёҳванд моддалар тарқалиши ҳолларига жиддий ёндашишга чақирган.

"Халкаро ва минтақавий ташкилотлар афюн муаммосига қарши курашишмоқда, лекин уларнинг уринишлари етарли натижа келтирмаяпти", деб айтган Россия раҳбари.

Айни вақтда кузатувчилар бангиворлик Россиядаги энг жиддий муаммолардан эканлигини айтишади. Расмий маълумотларга биноан Россияда бангилар сони 2.5 миллионга яқинлашган. Ва гиёҳванд моддалар ҳар йили 30 минг инсоннинг умрига зомин бўлиши айтилади.

'Бу курашда сиёсий ўйинларга ўрин йўқ'

Президент Дмитрий Медведевга кўра, Афғонистондан тарқалаётган гиёҳванд моддалар муаммоси бўйича халқаро жамоатчилик ягона кураш йўналишини ишлаб чиқиши лозим.

Россия раҳбарининг айтишича, афюн муаммосини бартараф этишга на Афгонистон, на Америка ва на Россия қодир эмас.

"Ушбу курашда муваффақият қозониш, ҳеч бўлмаганда бурилиш ясаш учун Афғонистон давлати имкониятлари, ички заҳиралари етарли эмас. Бугунги кунда гиёҳванчилик муаммосига қарши БМТ, Шанхай Ҳамкорилик Ташкилоти ва НАТО каби халқаро ташкилотлар ҳаракат қилишмоқа. Лекин, ҳозирча ушбу ҳурматга сазовор ташкилотларнинг уринишлари етарли натижа бераётгани йўқ, деб айтди Президент Дмитрий Медведев.

Россия давлат раҳбарига кўра, Афғонистонда етиштирилаёткан афюн муаммоси атрофида сиёсий ўйинлар олиб борилмаслиги керак.

Расмийларга кўра, гиёҳвандчилик Россия халқи саломатлигига зиён етказаёткан энг жиддий муаммо хисобланади. Расмий маълумотларга биноан сўнгги йилларда Афғонистондан олиб келинадиган афюн қарийб 1 миллион Россия фуқаросининг умрига зомин бўлган.

Айни вақтда Афғонистонда гиёҳванд моддаларга қарши кураш масаласида Россия ва АҚШ қарама-қарши қарашга эга.

Россия расмийларига кўра, Афғонистондаги кўкнори экинзорларини яксон этиш билан муаммони ҳал этиш мумкин. Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал хизмати раҳбари Виктор Ивановнинг фикрича, бундай кураш усули гиёҳванд моддалар кўламини кескин камайтиради.

"Кўкноризорларни йўқ қилиш амалиёти жуда яхши натижа беради. Бутун дунё бўйлаб курашишдан кўра Афғонистон ичкарисида курашиш анча самарали бўлади. Бизнинг ҳисоб-китоб бўйича, гиёҳванд моддаларни четга тарқалиш ҳолларини жиловлашга уринишга нисбатан кўкноризорларни вайрон қилиш амалиёти молиявий жиҳатдан 400 маротаба арзонга тушади", дейди Виктор Иванов.

Ўз навбатида АҚШ расмийлари Афғонистондаги кўкнорзорларни яксон этиш амалиёти етарли натижа келтирмаганини айтишади. БМТ берган маълумотга кўра, охирги 2 йил давомида фақат 4 фоиз кўкнори экинзорларини йўқ қилишга эришилган холос.

НАТО ҳарбийларининг айтишларича эса, кўкнорзорларни яксон этиш амалиёти афғон деҳконларини яна толиблар сафига қўшилишга мажбур этиши мумкин.

Ҳозирда америкаликлар афғон деҳқонларини кўкнори ўрнига шоли ва буғдой каби экинлар етиштиришга ундашмоқда.

SMS рақамимиз: +447786201124