АҚШ мусулмон дунёси билан маориф ва бизнес алмашинувини кучайтирмоқчи

АҚШ Президенти Барак Обама
Сурат тагсўзи, Президент Обамага кўра, янги ташаббуслар АҚШ билан мусулмон мамлакатлари ўртасидаги янги алоқаларнинг ибтидоси бўлади
Published

Президент Барак Обама АҚШ билан мусулмон дунёси ўртасида маориф ва бизнес соҳаларида ўзаро алмашув режаларини эълон қилган.

Президент Обаманинг айтишича, аҳолисининг аксари мусулмонларни ташкил этадиган мамлакатларда истиқомат қиладиган ва технология соҳасида фаолият юритадиган аёлларнинг Қўшма Штатларида яшаб ишлашларига имконият берилади.

АҚШ раҳбари бу ҳақда мусулмон бизнес раҳбарлари билан икки кунлик учрашувдаги нутқида айтган.

Афғонистондан Қувайтгача, Индонезиядан Саудия Арабистонигача - дунёнинг 50 мусулмон мамлакатидан АҚШдаги ишбилармонлар учрашувига 250 иштирокчи борган.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Ким Ғаттаснинг ёзишича, Вашингтон мусулмон дунёси билан алоқаларни яхшилаш йўлидаги янги восита сифатида тадбиркорликдан фойдаланмоқчи.

Ишбилармонлик борасидаги ҳимкорлик Америка билан бошқа мусулмон мамлакатлардаги инсонларнинг бир-бирлари билан робита барпо этишлари, инсонларнинг ўз мамлакатларида ўзгаришлар ясашлари учун имконият яратади дея умид қилинмоқда.

Чикагода анжуман иштирокчилари қаршисида нутқ сўзлаган Президент Обама "ўзгаришлар пастдан юқорига қараб бўлар экан", деди.

"Тадбиркорлик АҚШ ва мусулмон мамлакатларининг ўзаро иқтисодий манфаатларига мос келади. Бозор эса имкониятлар яратиш ва одамларни қашшоқликдан олиб чиқишнинг қудратли кучига эга", деди Қўшма Штатлар президенти.

Жаноб Обама муслима аёллар учун янги ташаббусни эълон қилди.

Технология соҳасида ишлайдиган аёлларнинг АҚШдаги технология марказлари, мисол учун Силикон водийсига бориб ишлашларига йўл очилади.

Мусулмон мамлакатларидаги ўқитувчилар ҳам илм-фанни ўргатишнинг янги йўллари билан танишишлари учун АҚШга таклиф этиладилар.

Президент Обаманинг айтишича, ўзининг бу ваъдалари АҚШ билан мусулмон мамлакатлари ўртасидаги янги алоқаларнинг ибтидоси бўлади.

Бироқ, деб ёзади Би-би-си мухбири Ким Ғаттас, танқидчиларга кўра, Американинг ташқи сиёсати ҳамда Яқин Шарқда тинчликка эришишнинг уддасидан чиқилмаётгани ўртадаги тарангликни янада орттиради.