'Учоқлар парвозини мутлақ тақиқлашга асос йўқ эди"ми?

Қатор ҳаво ширкатлари Оврўпо ҳукуматларидан Исландиядаги вулқон натижасида парвозларга ўрнатилган тақиқларни қайта кўриб чиқишни талаб этишмоқда.
Ширкатлар жорий этилган тақиқларнинг қанчалик мақсадга мувофиқлигини савол остига олишаётир.
Синов парвозларини амалга оширган ҳаво йўллари ширкатларининг вакиллари учоқларнинг бемалол учиши учун бирор бир хавф-хатар йўқлигини айтишган.
Исландиядаги вулқондан кўтарилган кул булути учоқларнинг двигателларини ишдан чиқаради, деган хавотирда қатор Оврўпо давлатларида бир кеча-кундузнинг ўзида минглаб парвозлар бекор қилинганди.
Ва ҳозир ҳам Оврўпо қитъасида кўплаб аэропортлар ёпиқлигича қолмоқда. Уларнинг орасида Лондоннинг жаҳонда энг йирикларидан бўлган "Ҳитроу" аэропорти ҳам бор.
Лекин Рим ва Мадрид аэропортларидан чекланган парвозлар амалга оширилмокда.
Ҳозирда Исландиядаги вулқондан отилиб чиққан кул шимолда Арктикадан тортиб, жанубда Франциянинг Ўрта ер денгизи соҳилларига қадар, ғарбда Испанияю шарқда Россияга қадар тарқалиб кетган.
Аввалроқ Британия ҳукумати Оврўпода қолиб кетган британияликларни олиб келиш учун икки ҳарбий кемасини ишга солиши ҳақида маълум қилганди. Аммо бу қачон амалга оширилиши ҳозирча маълум эмас.
Хавф нимада?
Вулқондан отилиб чиққан майда тош ва муз заррачалари учоқлар двигателига кириб, уларни ишдан чиқариш қобилиятига эга бўлгани учун ҳам уларнинг парвозига чекловлар киритилганди.
Аммо ҳаво ширкатлари парвозларни мутлақ тақиқлаш учун асос бўлмаганини айтишмоқда.
Халқаро Транспорт уюшмаси раҳбарига кўра, ҳукуматлар ўз қарорларини ғоя асосида эмас, реал фактларга таяниб беришлари лозим эди.
Бугун "Люфтганза" ширкати вакилининг айтишича, учоқлар парвозини қайта йўлга қўйишнинг имкони бор. Аммо Британияга кўра, ўзлари илмий синов тариқасида амалга оширган парвозлар хавф ҳануз мавжудлигига далолат қилаётир.
Ҳаммаси қанчага тушди?
Шу пайтга қадар 60 мингта парвоз бекор қилинган бўлса, ширкатлар бундан кунига 200 миллион доллар зиён кўришмоқда экан.
Бунинг иқтисоднинг бошқа соҳаларига ҳам таъсири озмунча эмас.
Жумладан, қатор Ғарб давлатларидаги супермаркетларда хориждан келтирилувчи мева-сабзавот, гуллар захираси камайган.
Бундан эса, нафақат истеъмолчилар, балки ишлаб чиқарувчилар ҳам зиён кўришмоқда.
Масалан, Кенияда аэропорт ва фермерларнинг музлатгичлари экспорт учун мўлжалланган маҳсулотларга тўлиб кетган.
Музлатгичларга сиғмаган мева-сабзавотларнинг ёмон бўлиб қолиши, шунингдек, гулларнинг сўлиб қолиши ҳақида хавотирлар ҳам бор.





























