Америкада президент Трамп "тийиб" қўйилдими ёки оралиқ сайлов натижаси тўғрисида нималарни биламиз?

Аксарият одамлар кутганидек, Демократлар партияси 2010 йилдан буён илк бор Вакиллар Палатасини мутлақ ўз назоратига олди, Сенат эса Республикачиларга насиб этди.
Сайлов натижаси у қадар катта шов-шувга сабаб бўлмаган бўлса ҳам, у келаси икки йил давомида АҚШ сиёсий ҳаётида кўплаб ўзгаришлар содир бўлиши мумкинлигига ишораларни юзага чиқарди.
Би-би-си сайловдан олинган асосий хулосаларни сиз билан улашишга қарор қилди.
1) Рекорд сондаги аёл номзодлар

Сурат манбаси, Getty Images
Оралиқ сайловдан олдинроқ 2018 йил АҚШда аёл сиёсатчилар йили бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар юрган эди ва бу ҳақиқат бўлиб чиқди. Шу вақтга қадар Вакиллар Палатасидаги аёллар сони 84 нафардан ортмаган эди. Ҳозирда улар 107 нафардан ошиб кетди.
Конгрессга илк бор икки муслима аёл ҳам сайланди.

Сурат манбаси, Reuters
Мичиганда Рашида Тлаиб ва Миннесотада Илҳан Омар кўп овоз тўпладилар.
Бу гал Конгрессга энг ёш аёл - 29 ёшли Александрия Окасио-Кортес ҳам сайланди.

Сурат манбаси, AFP Getty Images
Шунингдек, Американинг тубжой аҳолиси вакилаларидан икки нафари ҳам конгрессвумен бўлдилар.
Улар Нью-Мексикодан Дебра Ҳааланд ва Канзасдан Шарис Девидслардир.
2) Қудрати ортган Демократлар

АҚШ демократларида Сенатни эгаллашга шу пайтга қадар у қадар имкон бўлмаган. Эндиликда Вакиллар Палатаси уларнинг назорати остида ва Демократларда Президент Трамп ҳамда унинг маъмуриятини тизгинлаб туришга имкон пайдо бўлди.
3) Сайлов Трампга "мислсиз ғалаба" келтирдими?

Сурат манбаси, Reuters
Президент Трамп Республикачиларнинг Сенатни эгаллаганидан хурсанд бўлгани ва бу "мислсиз ғалаба" эканини маълум қилди. Бироқ Вакиллар Палатаси энди Демократлар қўлида экани ҳисобга олинса, президент томонидан илгари сурилган аксар ташаббусларининг қуйи палата томонидан рад этилиши эҳтимоли янада ортади. Демак сайловдан сўнг жаноб Трампнинг қўли анча "калталашгани"ни англаш мумкин.
4) Шаҳар-қишлоқ муаммоси
Сайлов Республикачиларнинг йирик шаҳарлардан ташқари ҳудудларда дастакдан ажраётганини кўрсатди. Бундай ҳол бутун Америка бўйлаб такрорланди ва бу муаммо партиянинг келажагига жиддий путур етказиши мумкин.
5) Ҳам шодлик, ҳам қайғу
Сайлов Президент Трамп учун яхши янгиликлар билан бирга қатор кўнгилсизликларни ҳам олиб келди. 2016 йилдаги президентлик сайловида жаноб Трампни қўллаган аксар штатлар оралиқ сайловда унинг партияси бўлмиш Республикачилардан юз ўгирди. Бошқа томондан эса Президент Трампнинг ошкора қўлловини олган бир қанча республикачилар ўнга яқин штатларга губернатор этиб сайландилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































