Дунёдаги энг вазни оғир аёл деб кўрилган Эман Аҳмед Абд эл-Ати Абу Дабидаги шифохонада вафот этган

Сурат манбаси, Saifee Hospital
Дунёдаги энг вазни оғир аёл деб кўрилган мисрлик Эман Аҳмед Абд эл-Ати Абу Дабидаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Бирлашган Араб амирликлари пойтахтидаги шифохона тарқатган баёнотга кўра, 37 яшар Эман Аҳмед Абд эл-Ати юрак хуружи ва буйраги фаолияти бузилиши туфайли оламдан ўтган.
"Биз унинг оиласига ўз таъзимиз ва дуоларимизни етказамиз", дейилади шифохона номидан эълон қилинган баёнотда.
Эман Аҳмед Абд эл-Атининг танасида шу йил январида Ҳиндистонда оздириш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилган, унгача унинг оғирлиги 500 килограммни ташкил этган.
Қариндошлари Эманга ёрдам бериш учун онлайн кампания бошлашган ва шу йўл билан уни Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги шифохонага, махсус самолётнинг чартер рейси билан етказишга муваффақ бўлинган эди.
Ҳиндистондаги бариатрик жарроҳлик амалиётидан кейин унинг оғирлиги 172 килограммга тушганини хабар қилган шифохона раҳбарияти.

Сурат манбаси, Saiffee hospital
Бироқ унинг синглиси Шайма Салим ҳиндистонлик шифокорларни ёлғон маълумот тарқатишда айблаган, жарроҳлик амалиётидан кейин опасининг на гапира олаётгани, на ҳаракатлана олаётгани айтган.
Унинг айтишича, Эман ҳинд шифокорлари айтаётганидек 300 килограммдан ортиқ вазнини йўқотмаган.
Шу йил май ойида Эман Аҳмед Абд эл-Атини Ҳиндистондан Бирлашган Араб амирликларидаги шифохонага ўтказишга қарор қилинди.
Қариндошларининг айтишларича, Эманга 11 ёшида "фил касаллиги" ташхиси қўйилган.
Инсултга учраганидан кейин ташқарига чиқолмай қолган.
Оиласига кўра, у ҳаётининг сўнгги 25 йилида уйидан ташқарига чиқолмаган.
Бариатрик жарроҳлик ёки семизлик жарроҳлиги деб номланадиган даволаш усули вазнининг оғирлиги 35-40 бирликдан юқори бўлган беморларга семизликдан қутулиш ва вазнини тўғирлаш учун қўлланилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02






























