Сурияда Россия ҳарбий тикучари уриб туширилган

россия
Published

Суриянинг Идлиб вилоятида Россиянинг Ми-8 ҳарбий-транспорт тикучари уриб туширилган.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, тикучар бортида уч экипаж аъзоси ва урушаётган томонларни яраштирув маркази икки зобити бўлганлар.

Ҳодиса Ҳалаб шаҳрига гуманитар ёрдам олиб борган тикучар Хмеймим авиабазасига қайтаётганда содир этилган.

syria russia

Тикучар бортидаги Россия ҳарбийларининг тақдири ўрганилмоқда, дейилганди олдинроқ Мудофаа вазирлиги хабарида.

Ал-Арабия телеканали эса тикучар ҳалокати натижасида тўрт инсон ҳалок бўлганини айтган.

Президент Путин ҳалок бўлганларнинг оиласига таъзия билдирган, уларни қаҳрамонлар деб атаган.

россия сурия

Ал-Жазира телеканалининг хабар беришича, Россия ҳарбий учоқлари тикучар уриб туширилган ҳудудларни душанба куни бомбардимон қилганлар. Бироқ бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.

Интернетда тикучарнинг қулаётгани ва ёнаётган қолдиқлари, марҳумлар жасадлари акс этган видео ва фотосуратлар тарқалган. Баъзиларида россиялик ҳарбийларнинг ҳужжатлари ҳам кўринади.

сурия

9 июлда ҳам Россиянинг икки учувчиси Суриянинг Палмира шаҳри яқинида ўлдирилган.

"Исломий давлат" жангари гуруҳи Ми-25 тикучарини уриб туширгани ҳақида хабар тарқатганди.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари 2015 йил сентябр ойида бошланди. Россия ИШИДга қарши курашаётганини айтади.

Бироқ Суриядаги Асад армиясига қарши курашаётган мухолифат кучлари Россия нишонлари ўзларига қаратилганини таъкидлайдилар.

Март ойида Президент Путин Суриядан Россиянинг асосий қўшинларини олиб чиқиш ҳақида фармон берди.

Айни пайтда ҳам Россия ҳаво кучлари Сурияда жангарилар манзилларини ҳаводан бомбалашда давом этмоқда.

Суриядаги амалиётлар бошланганидан бери Россия ўндан ортиқ ҳарбийсини йўқотди, тўрт тикучари уриб туширилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.