Тошкентда "қарабтеп" ўйини бўйича чемпионат ўтказилади

Сурат Баҳриддий Чустийнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.
Сурат тагсўзи, Сурат Баҳриддий Чустийнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.
Published

Наврўз байрами муносабати билан Chustiy’s Cuisine ва Tez Food маъмурияти "Қарабтеп" халқ ўйини бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказиш ташаббуси билан чиққан.

Мусобақа 20 март куни Тошкентдаги "Самарқанд дарвоза" гипермаркетида бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Chustiy’s Cuisine ва Tez Food брендлари муаллифи Баҳриддин Чустий ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган.

Чемпионатни ўтказишдан мақсад, унутилиб бораётган миллий халқ ўйинларини қайта тиклаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш экани айтилган.

Баҳриддин Чустийнинг ёзишича, "Қарабтеп"( халқ тилида ланка) халқ ўйини бир неча асрлар мобайнида халқ сайилларида, "Наврўз" байрамларида мунтазам равишда ўйналиб келинган. "Қарабтеп" халқ ўйини ҳақида илк марта Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобида маълумотлар учраши қайд этилган. Мутахассислар берган хулосага кўра, ушбу халқ ўйини инсон саломатлигига кони фойда экан. Хусусан, умуртқа поғонаси, кўз, юрак, қорин аъзолари, оёқ мушаклари, нафас йўллари фаолиятини, қон айланишини яхшилайди".

"Сиз ҳам яхшилаб эсланг, болалигингизда қўйнинг бир парча жунли терисига металл парчаси (асосан қўрғошин) маҳкам боғланган тепкини дўстларингиз билан мириқиб тепар эдингиз-ку, тўғрими? Ўша беғубор ва завқли даврларни ёдга олмоқчи бўлсангиз ва яна бир бор мириқиб “Қарабтеп” ўйнамоқчи бўлсангиз, унда Сизни 20 март куни соат 18.00 да Ўзбекистон очиқ чемпионатида кутиб қоламиз", деб таклиф қилади ташкилотчилар.

Хабар қилинишича, энг яхши дея эътироф этилган 3 нафар иштирокчига Chustiy’s Cuisine ва Tez Food маъмурияти пул мукофотлари топширилади.

Бундан ташқари тадбирда "Энг яхши ёш иштирокчи" махсус номинацияси ҳам жорий этилибди.

Чемпионат эркин усулда ўтказилади ва ким тепкини ерга туширмасдан энг кўп тепса, ўша ғолиб бўлади. Ҳар бир иштирокчи иккитадан имкониятга эга.

Чемпионатда қатнашиш учун Facebook ижтимоий тармоғи орқали иштирокчи сифатида олдиндан рўйхатдан ўтиш лозим.

"Қарабтеп" ўйини бўйича очиқ чемпионатнинг ахборот ҳамкори Daryo.uz сайти ва Facebookдаги Maslahat.uz гуруҳи ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мусобақа ташкил қилинаётганига ижобий фикрлар билдиришган ва бошқа халқ ўйинларини ҳам тиклаш, оммалаштириш кераклигини таъкидлашган.

Chustiy’s Cuisine ва Tez Food бренди бундан олдин миллий таом ва ширинликлар намуналарини ишлатиб, Ўзбекистоннинг энг катта харитасини тайёрлаб, намойиш этганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг