"Ўзбекистонда яна оммавий ҳибслар тўлқини бошланган"

Published

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оддий фуқаролардан олинаётган хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари диндорларни оммавий равишда ҳибсга олмоқда.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, шу кунгача ҳибсга олингани аниқ бўлган инсонлар сони 150 дан ортган ва кун сайин кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати фақат намоз ўқигани учун "Ваҳҳобий", "Ҳизбут-Таҳрир" ва бошқа тамғалар билан мусулмонларни кўп сонда қамаш кампаниясини бошлаганига ҳам 20 йилдан ошди.

Жиноят ишларида 1999 йил Тошкент портлашларига алоқадорлик, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлик айбловлари илгари сурилган минглаб намозхонлар қўлга олинди, уларнинг маҳкамаларда фақат айби намозхон бўлгани, бошқа давлат ёки конституцион тузумга қарши бирор амалга қўл урмагани ҳақида айтган гаплари, "ноқонуний диний ташкилот аъзоси" экани ҳақидаги иқрорномага шафқатсиз қийноқлар остида имзо чекишга мажбур бўлганини эълон қилганлари инобатга олинмади.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукумати "халқаро терроризм" ваҳимаси билан ўз халқини қўрқувда ушлаб келаётгани, ўзгача фикрловчиларга ўтказаётган босимларини Ғарб олдида "исломий экстремистлар хавфи" билан оқлашга интилишини анчадан буён танқид қилиб келадилар.

Охирги йилларда "қама-қамалар" бирмунча камайгани кузатилганди.

Бу гал оммавий ҳибсларга "Исломий Давлат" таҳдиди баҳона бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оддий ўзбекистонликларнинг хабар қилишларича, Россияда бўлган пайти компютерда "Исломий Давлат" ҳақидаги хабарни ўқиган инсон ҳам бугун Ўзбек милицияси ва махсус хизматлари кўзи ўнгида ИДнинг аъзосига айланган.

Ҳибсга олинаётганлар асосан Россиядан меҳнат муҳожирлигидан қайтган инсонлар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи тарқатган хабарига кўра, Ички Ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида оммавий ҳибсларни октябр ойининг бошидан бошлаган.

Қўлга олинган инсонлар ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ тарафида Сурияда уруш қилишга тайёрланишга гумон қилинмоқдалар", дея хабар қилади Ташаббус гуруҳи.

Ташаббус гуруҳига маълум бўлган ҳибсга олинганларнинг аксари Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги "Олтин тепа", "Назарбек", "Эшон гузар", "Почта" маҳаллалари, Тошкент шаҳридаги "Танов" маҳаласси яшовчиларидир.

Тошкент шаҳридаги "Абдуллоҳ масжиди имом-хатиби Ғуломиддин Ҳожи Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига биргина "Олтин тепа" маҳалласидан 16 киши қўлга олинганини тасдиқлаган.

Ушланганлар Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги муваққат изоляторларда, "Тоштурма"да сақланмоқдалар ва ИДга аъзолигини бўйнига олиши учун қийноқларга тутилмоқдалар, деб хабар тарқатган ИГНПУ.

Шунингдек, охирги ойларда Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган "ноқонуний диний ташкилотга аъзолик" айби билан озодликдан маҳрум этилган маҳкумларга нисбатан қийноқларни қўллаш кўпайгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio