Дунёнинг энг қудратли паспортлари маълум бўлди

Published

Henley&Partners ташкилоти, агар таъбир жоиз бўлса, бу йил дунёдаги "Энг зўр паспорт", деб яна Финландия, "Энг ёмони”, дея Афғонистонникини топган.

Ташкилот ўзи тадқиқот олиб борган давлатлардаги виза чекловларининг даражасига қараб бу каби хулосага келган.

Паспорти фуқароларига мазза қилиб дунёнинг исталган бурчагига саёҳат қилишга имкон берувчи "энг зўр" давлатлар юқори тўртлигидан Финландиядан ташқари, АҚШ, Олмония ва Буюк Британия жой олган.

Фуқаросининг ўзга давлатга сафар қилиши жуда қийин бўлган мамлакатлар рўйхатида Афғонистондан кейинги юқори икки ўринни Покистон, Сомали(92-ўринлар) ва Ироқ(93-ўрин) эгаллашган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон каби чиқиш визаси амалда бўлган дунёдаги бор-йўғи иккита давлатдан бири бўлган Шимолий Корея эса, бу йил паспорти "Энг ёмон", деб топилганлар ўнлигида мавқеини анча яхшилаб олган.

Дейлик, бундан бор-йўғи 2 йил бурун жаҳондаги паспорти “энг ёмон” иккита мамлакатдан биттаси бўлган Шимолий Корея бу йил 94 давлат орасидан 86-ўринни эгаллаган.

Яқинда чиқиш визаси тартибини бекор қилган Куба эса, яхшию ёмон паспортлилар рўйхатида анчайин оралиқ(69-ўрин) мавқеъда келган.

Аммо, дунё давлатлари паспортлари таснифида қуйи ўнликка киритилган мамлакатлар рўйхатига қаралса, унда на-да Ўзбекистон дохил бирор бир Марказий Осиё ва на-да қолган МДҲ давлатлари вакиллари кўзга ташланади.

Эркинлик

Henley&Partners ташкилоти ўз тадқиқотлари жараёнида бу мамлакатларда амал қилувчи виза тартиби ва фуқароларининг жаҳоннинг нечта давлатига визасиз саёҳат қилишлари мумкинлигини ўрганиб чиққан. Шу асосда уларга баҳо бериб, тўплаган очколарига қараб, ўз рўйхатини тузиб чиққан.

Худди шу ўринда янги рўйхатда энг қуйи ўринда келган Афғонистон мисол тариқасида олинса, фуқаролари бор-йўғи 28 тагина давлатга визасиз бора олишлари мумкин экан. Бунга қўшимча, уларнинг Қувайтга қадам босишлари ҳам умуман тақиқланган.

Бу йил паспорти дунёдаги энг ёмон иккитасидан биттаси бўлган ироқликлар бемалол саёҳат қилишлари мумкин бўлган мамлакатларнинг сони эса, бундан учтага кўп экан, холос.

Агар, бу рақамлар дунёда паспорти “энг зўр” бўлган давлатлар фуқаролари эга бўлган имкониятлар билан таққосланса, орадаги фарқнинг “осмон билан ерча” эканини кўриш мумкин.

Дейлик, янги рўйхатда юқори тўртликка кирган Финландия, Олмония, Буюк Британия ва америкаликлар виза бошоғриғисиз жаҳоннинг икки юзга яқин давлатига бемалол саёҳат қила олишаркан.

Агар, Henley&Partners ташкилотининг хулосасига таянилса, “ҳозир дунёнинг деярли барча давлатлари ўз ҳудудларига саёҳат қилиш истагида бўлган ўзга мамлакат фуқароларидан виза талаб қилишга ўтишган”.

Халқаро ташкилот бунинг сабабини виза чекловлари глобаллашиб бораётган дунёда хорижий фуқароларининг чегараоша ҳаракатланишини назорат этишда муҳим ўрин тутиши билан изоҳлашган.

Чиқиш визаси

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан ҳам чиқиш визаси тартибини амалда сақлаб қолган ягона мамлакатдир.

Маҳаллий кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, мавжуд вазият сабабини расмий Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини қатъий назорат остида тутиб туриш истаги билан изоҳлашади.

Уларга кўра, четга бориб, эркин жамият тажрибасини кўриб, фикрлаши ўзгариб қайтиши эҳтимоли бўлган фуқароларини амалдаги тузум ўзи учун таҳдид сифатида ҳам кўриши мумкин.

Фаолларнинг наздларида, ҳар икки йилда янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси оддий ўзбекистонликларни давлат идораларига боғлаб қўяди.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб, сўнгги йилларда ўзга юртларни ихтиёр этаётган инсонлар сони кескин ортаркан, чиқиш визаси тартиби фуқаролар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Дейлик, агар норасмий рақамларга таянилса, бугунги кунда биргина Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони беш миллионга етиб қолган.

Улар ортга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар эса, ҳозир Ўзбекистон иқтисодини тутиб турган асосий даромад манбаига айланган.

Аммо, маҳаллий фаолларга кўра, ҳатто, ана шу вазият ҳам Ўзбекистонда бу яқин орада чиқиш визаси тартибининг бекор қилинишига олиб келмайди.

Уларга кўра, кадрлар ўзгармаса, аҳвол ҳам, давлатнинг ички сиёсати ҳам ўзгармайди.

Фаоллар, ўз ўрнида, агар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби бекор қилинса, инсонлар бемалолроқ ҳаракат қилиш ҳуқуқини қўлга киритишлари, бунинг ҳам давлат ва ҳам инсонларга фойдаси бўлишини таъкидлашади.

Улар амалдаги чиқиш визаси тартиби мамлакат конституциясига зид бир амал эканини ҳам урғулашади.

Ҳозир Ўзбекистон билан, ҳаттоки, аксарият минтақа давлатлари орасида ҳам қатъий виза тартиби амал қилади.

Henley&Partners ўз тадқиқотларини олиб борган давлатларнинг эса, бутун дунё бўйлаб саралаб олингани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio