Ўзбекистонда янги мобил алоқа миллий оператори ташкил этилади

Ўзбекистонда мобил алоқа фойдаланувчилари сони 23 миллиондан ошгани айтилади.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда мобил алоқа фойдаланувчилари сони 23 миллиондан ошгани айтилади.
Published

Ўзбекистондаги интернет нашрлари ёзишича, "Ўзбектелеком" ҳиссадорлик ширкатининг UzMobile филиали таркибида мобил алоқа миллий оператори ташкил этилади.

Бу Президент Ислом Каримовнинг "Мобил алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига асосан амалга оширилади.

Қарордан мақсад, "уяли алоқа бозорида миллий ширкатларнинг кенг иштироки учун муҳит яратиш ҳамда мамлакатнинг мобил уяли алоқа тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш" эканлиги айтилган.

Режага кўра, 2014 йил ичида мингдан ортиқ алоқа станциялари ўрнатиш, замонавий жиҳозлар ёрдамида икки миллион рақамга хизмат қиладиган алоқа тизими дастлаб Тошкент шаҳри бўйича, кейинги йилдан вилоятлар марказлари ва келажакда бутун республика бўйлаб барпо қилиш босқичларини ўз ичига олади.

Бу республика аҳолиси учун телефон алоқа хизматини яхшилаш, барча ҳудудларда интернет тизимига уланиш, уяли алоқа тармоқларини аҳоли учун ишончли ва ахборот хавфсизлигига риоя қилишини таъминлаш эканлиги билдирилади.

Миллий оператор тармоғи "Ўзбектелеком" ширкати, шунингдек хорижий ҳамда миллий банкларнинг кредитлари эвазига молиялаштирилиши хабар қилинмоқда.

Янги мобил оператор давлат божи ва радиочастота тизимидан фойдаланиш тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод этилиши, хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар тармоқни ривожлантиришга йўналтирилиши таъкидланади.

Ўтган йилларда "Узмобайл" ширкатига қарши Россияда бир неча жиноий иш очилгани маълум.

2013 йил Федерал монополияга қарши хизмат томонидан "Узмобайл" монополияга қарши қонунни бузганликда айбланган. "Узмобайл" Ўзбекистондаги йирик мобил алоқа оператори "Уздунробита"ни бозордан сиқиб чиқариш мақсадидаги фаолиятда гумон қилинган.

Шунингдек, Россия Ички Ишлар вазирлиги Қидирув қўмитасида ҳам "Узмобайл"нинг "Уздунробита"га қарши ноқонуний ҳаракатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

МТС можароси

2012 йилда Ўзбекистондаги мобил телефон бозори мушкулликларга дуч келган эди.

Ҳукумат МТС Ўзбекистон ширкатини солиқларни тўламаслик, стандартларга риоя қилмаслик каби қатор қонунбузарликларда айблаб чиқди ва охир-оқибат лицензиядан маҳрум этди.

МТС Ўзбекистон Бош прокуратураси текширувлари ортидан "Уздунробита" ҳиссалари музлатиб қўйилишини ҳамда ширкат ходимларининг ҳибсга олинишини Ўзбекистондаги муайян таъсирли идораларнинг бизнесни тортиб олиш ниятидаги амаллари, деб даъво қилди.

МТС ҳисобига бозорнинг 40 фоизи тўғри келарди.

Натижада бир куннинг ўзида 9 ярим миллион мижоз мобил телефон алоқасидан узилиб қолди.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу амаллари натижасида мобил телефон бозорига катта зарар етказилди.

Ўзбекистонда телеком соҳаси Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги томонидан юритилади.

Агентлик 2005-2010 йиллар учун тасдиқлаган режасида бутун тизимни 2010 йилга қадар рақамлаштириб, уй телефонлари сонини 2.2 миллионга етказишни белгилаганди.

Лекин бу режа шу пайтгача бажарилмади. Соҳа расмийлари республикада мобил алоқа фойдаланувчилари сони 23 миллиондан ошгани ҳақида маълум қилишганди.

Бироқ, қатор қонунбузарликларда айбланган "Уздунробита" можаросидан кейин мамлакатдаги жами мобил телефон сўзлашувчилари сонини эълон қилмаслик афзал кўрилмоқда.

Ҳукумат навбатдаги қарори билан мобил алоқа ва интернет таъминоти соҳасида ўзгаришлар бўлишига ваъда беради.

Кузатувчилар эса, Ўзбекистонда уяли алоқа бозоридаги беқарорлик сақланиб қолаётгани, соҳадаги коррупция ва носоғлом муҳит хорижий сармоядорларни эҳтиёткор қилиб қўйганини айтишади.