Афғонистон: Шимолда қақшатқич ҳужум

Исёнкор кийим ичида яширилган портловчи моддалар билан Пули Хумридаги расмий идорага кириб келади ва мулозимлар яқинида ўзини портлатади.
Ўн нафар қурбон орасида вилоят кенгаши раҳбари Ҳожи Расулхон Муҳсиний ҳам бор. Марҳум мулозим Толибонга қарши кескин қарашлари ва мавқеи билан ном қозонганди.
Маҳаллий мулозимларга кўра, ҳужумчи поилция ходими кийимида кириб келган. Ичкарида эса вилоят кенгаши раҳбари билан учрашишга зарурати борлигини айтган.
Вилоят кенгашлари раҳбарлари сайлангани боис, мустақил саналади ва одамлар расмийлар орқали ҳал бўлмаган муаммо ҳамда қийинчиликлар важидан вилоят кенгашларига мурожаат қилишади.
Бағлон сўнгги ойлари анча тинч эди. Аммо бу ерда ҳали бир неча йил бурун расмийлар тўпланган йирик маросим нишонга олинган ва оқибатда нафақат мулозимлар, балки ёш болалар ҳам нобуд бўлишганди.
Ушбу вилоят шимолий ва шимолий-шарқий Афғонистонни Кобул билан боғловчи уч йўл кесишган муҳим нуқтада жойлашган.
Худди шу боис ҳам турли минтақалардан бу ерга исёнкорлар келиши имкони катталиги айтилади.
Аммо мамлакатнинг энг гавжум йўлларидан бири устида жойлашган Бағлонни тинчлантириш учун сўнгги йиллари кўп саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.
Шунга қарамай, кузатувчилар бу ерда маҳаллий исёнкорлар ва Толибон тарафдорлари борлигини ҳам айтишади.
Вилоятда аксар паштунлар ва ўзбеклар истиқомат қилишади.
Бағлон ўзбеклари ўзларини кўпроқ бир қадар очиқ шимолга нисбат беришади. Бироқ маҳаллий паштун қавмлари орасида Толибонни қўлловчилар борлиги ҳам айтилади.




























