Ўзбек футболи: Стадионга юзни бўяб кириш мумкин эмас

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 13:30 GMT

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг чиқарган тартиб қоидаларига кўра, футбол мухлислари стадионларга юзлари ва таналарининнг бошқа қисмларини бўяб кира олмайдилар.

Бундан ташқари энди стадионга сумка ёки портфел билан ҳам киритилмайди. Шу вақтгача ўзбек мухлислари стадионга сув билан қўйилмас эди.
Кузатувчилар бу каби тақиқлар стадионга кириши камайиб бораётган мухлисларнинг сонини янада камайтиришга қаратилган чора дея баҳоламоқда.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Турсунали Қўзиев 2013 йил 22 феврал куни футбол бўйича ўтказиладиган мусобақаларда томошабинларнинг ҳатти-ҳаракатлари қоидаларини тасдиқлади.

Ҳужжатда мухлисларнинг ҳақ ҳуқуқлари ва мажбуриятлари келтирилиб ўтилган. Мухлислар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган қоидалардан бири стадионларга киришда юз ва тананинг бошқа қисмларини бўяш таъқиқланишидир.

Маданият ва спорт вазирлигидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Вазирлик масъуллари қоида чиққанини ва бунга амал қилиш шартлигини уқтиришди.

Вазир томонидан тасдиқланган қоидалар мухлислар ва мутахассислар ўртасида турли фикрларни келтириб чиқарди. Қарши шаҳридан Жасур исмли мухлис танани бўяш ўзбекчиликка тўғри келмасдигини айтади.

"Чет элда бўлса тўғри келади, аммо бизнинг ўзбекчиликка тўғри келмайди. Мухлис учун муҳими қўллаб қувватлаш", деди Жасур.

Ўзбек футбол ишқибозлари орасига юзни бўяш ва байроқ расмини солиш сўнг 4-5 йил да кириб келган удум эканлиги айтилади.

Кузатувчилар "Бунёдкор" фан клуби ташкил қилиниши ортидан мухлислик маданияти ҳам жонланиб ва турфа ҳиллик бошлангани айтишади.

Юзни бўёвчи мухлислар ҳозирча жуда озчиликни ва асосан миллий терма жамоа ўйини давомида кузатилади.

Тошкентдан футбол ишқибози Аъзамжон юзга байроқ расмини чизиб олиш билан бутунлай бўяб ташлаш бошқа бошқа нарса эканлигини айтади.

"Менимча, юзини турли бўлар бўлмас нарсага бўяб олиши мумкин, ёки таниб бўлмас даражада бўяб олиб нотўғри ишлар қилиши мумкин. Шу томондан бу тақиқни тушунса бўлади. Лекин байроқчани кичкина қилиб чизиб олса, назоратчилиар қўйиб юборади, бу ерда муаммо бўлмаслиги керак", - дейди Аъзамжон.

Тошкентлик мухлис Ҳусан юзга турли шаклларни чизиб олишга ижобий қарайди. Унга кўра бу футболчиларга қўшимча руҳ бағишлаши мумкин.

"Бу нарса одамни руҳлантиради. Фанатларни, одамларни, футболчиларни кўпроқ гол уришга руҳлантиради. Бу нарсалар Ўзбекистонга энди кириб бориб, фанатлик ривожланаётганди, аммо бирданига тақиқлаб қўйишаяпти, бу ёмон", - дейди Ҳусан.

Футбол соҳасида мустақил журналист Бобомурод Абдулла юзни бўяш Ўзбекистонда энди шаклланаётгани учун бу нарсани тақиқламаса ҳам бўлишини айтади.

"Ўзбекистонда байроқ ранггига юзини бўяйдиган футбол мухлиси ўнтачага ҳам етмаса керак, кам. Шундай бўлганидан кейин тақиқлашнинг ҳам керакги йўқ эди. Фан клубнинг раҳбарлари бўяр эди", - дейди Бобомурод Абдулла.

Тақиқлар қаторида энди стадионга портфел ёки сумка кўтариб кириш ҳам киритилган. Журналист Бобомурод Абдулла бу каби қарорлар одатда хавфсизликни таъминлаш билан изоҳланишини айтади.

Аммо унга кўра, хавфсизликни таъминлаш учун бошқа чора тадбирлар кўриш лозим.

"Хавфсизлик чораси кўрилган жойда, мисол учун Овропаларда шиша стаканларда сув ичишади, уларда камдан кам ҳолатда нарса улоқтиради, бизда улоқтиради. Чунки бизда хавфсизлик масаласи талаб даражасида эмас. Секторларга камералар ўрнатилмаган. Милициялар ҳам фақат туришади, ҳеч вазифа бажаришмайди. Хавфсизлик масалаларини стуардларга бериш керак, аммо буни бизникилар кўтаролмайди", - дейди Бобомурод Абдулла.

Кузатувчилар бу каби таъқиқлар шундоқ ҳам бўшаб ётган стадионлардан мухлисларни янада қочириши мумкинлигини айтишади.

Стадионларга ҳатто пластик идишларда ҳам сув олиб кириш мумкин эмас.

Статистикага кўра, ўзбек стадионларига мухлисларнинг ташриф сони йилдан йилга тушмоқда.

2011 йили стадионларга ўртача 7 мингга яқин одам кирган бўлса 2012 йили бу кўрсатгич 5 400 га тушиб кетган. Ҳаттоки Осиё миқёсидаги халқаро мусобақаларда иштирок этаётган клубларнинг ўйини ҳам тўлиқ стадионда ўтмайди.

Журналист Бобомурод Абдулла кўра бу каби чора тадбирлар одамларнинг бир жойда тўпланишини олдини олиш учун ва стадионга камроқ мухлис тушиши учун атайин уюштирилмоқда.

"Мени ўйлашимча, буларга кўп мухлис тушиши кераги ҳам йўқ. Кўп одам бир жойга тўпланса нимадан хавотир олишларини биласиз. Ўшанинг учун ҳамма нарса мухлисларни камайтиришга ва футболга кам киришини таъминлаш учун қилинмоқда", - дейди Бобомурод Абдулла.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.