Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ашаддий рақиби 'қора рўйхат'да

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 14:25 GMT

Покистондаги мухбиримизга кўра, АҚШ Давлат департаментининг сўнгги қарори марҳум Мулла Назир гуруҳини жиддий хавотирга солмаган

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Покистондаги Толибон ҳаракатининг ашаддий рақиби бўлган марҳум қўмондон Мулла Назир гуруҳини "халқаро террорчи ташқилотлар" рўйхатига киритди.

Гуруҳ 2007 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларига қарши жанг олиб борган ва уларни Покистоннинг ўзлари фаолият юритувчи Жанубий Вазиристон минтақасидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганди.

Ушбу жанг ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Шимолий Вазиристон ва қўшни Афғонистонга ўтишга мажбур бўлишганди.

Америка томони ўзининг яқин иттифоқчиси Покистон ҳукумати билан яхши алоқада бўлган марҳум Мулла Назир гуруҳини жангарилар тайёрловчи жамлоқларни юритиш, "Ал-Қоида" аъзоларига бошпана бериш, Афғонистондаги ўз ва иттифоқчилари қўшинларига ҳужум қилишда айблаган.

"Қора рўйхат"га тушиши эса, уларга тегишли барча мулкларнинг Америка ихтиёрига ўтиши, ҳисоблари музлатилиши ва Америка ширкатлари билан ҳамкорлик қилишлари тақиқланишини англатади.

Биз сўнгги янгиликка Покистон ҳукумати ва гуруҳ аъзолари ўзларининг муносабатларини билиш учун ҳамкоримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзай билан боғландик:

ЖАВОБ: Сўнгги хабарга ҳалича на-да Покистон ҳукумати ва на-да гуруҳнинг ўзи расман муносабат билдирганича йўқ. Лекин, агар норасмий хабарларга қаралса, АҚШ Давлат департаментининг сўнгги қарори улар учун янгилик бўлмаган. Чунки Покистондаги қатор жангари гуруҳлар бундан аввал ҳам АҚШ ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилган. Шунинг учун ҳам, менимча, марҳум Мулла Назир гуруҳи бошларига шундай кун тушишини билган. Лекин улар бу қарорга жиддий эътибор бермаётган кўринишади. Гуруҳ аъзолари четга сафар қилишмагани, банк ҳисоблари бўлмагани ва Америка ширкатлари билан ҳамкорлик қилишмагани учун улар кўражак бирор бир чора ўзларига жиддий таъсир қилмайди, деган ишончда.

САВОЛ: Янги раҳбари остида марҳум Мулла Назир гуруҳининг бугунги қудрати ҳақида нима дея оласиз?

ЖАВОБ: Ҳа, раҳбарлари Мулла Назир ўтган йил декабр ойида Американинг дрон ҳужумида ўлдирилганидан буён гуруҳга ўзини Салоҳиддин Айюбий, деб атовчи Баҳовал Хон бошчилик қилиб келади. Баҳовал Хоннинг ўзи ҳалича бирор бир суҳбат бергани йўқ. Унинг гуруҳи Покистоннинг қавмлар яшовчи Жанубий Вазиристон минтақасида жойлашган. Покистон Толибон ҳаракатига ҳеч бир алоқаси бўлмаган мустақил гуруҳ. Жангариларининг аниқ сони маълум бўлмагани учун қудрати ҳақида ишонч билан бир нарса дейиш қийин. Мингга яқин аъзоси бўлиши мумкин. Аммо гуруҳ сифатида расман ташкил топмаган. Кўпроқ захирада фаолият юритади. Яъни қачон лозим деб топса, ўша пайт фаоллашади. Айрим жангарилари Афғонистонда Толибон исёнчилари сафларида Нато кучларига қарши ҳужумлар уюштириб келишади.

САВОЛ: Баҳовал Хон қўмондонлиги остида гуруҳнинг Афғонистондаги фаолияти қанчалик кучайгани кузатилади?

ЖАВОБ: Гуруҳ ҳозир, ҳатто, Покистоннинг ўзида ҳам жимиб қолган. Яъни сўнгги ойларда бирор бир ҳужум уюштиргани кузатилмайди. Асосчилари, қўмондонлари Мулла Назирни яқинда йўқотишгани учун жангарилари Афғонистонга ҳам бормай қўйишган. Ҳалиям шок ҳолатидан чиқишмаган, назаримда. Бундан ташқари, янги раҳбарлари қўмондонлиги остида ўз фаолиятларини қайта уюштиришмоқда. Шу боис ҳам, жорий босқичда янги ҳужумларини амалга оширишаётгани йўқ. Устига устак, қиш. Улар фаолият юритувчи минтақада қиш ниҳоятда қаттиқ кечади. Шу боис ҳам гуруҳ бу мавсумда у қадар фаол бўлмайди.

САВОЛ: Янги қўмондони бошчилиги остида гуруҳнинг ашаддий рақиблари Покистон Толибон ҳаракати ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан бугунги алоқаларини қандай баҳолаган бўлардингиз?

ЖАВОБ: Марҳум Мулла Назир гуруҳининг Покистон Толибон ҳаракати билан алоқалари ҳозир ҳам жуда ёмон. Чунки ўлимидан сал аввал Мулла Назир уларни Жанубий Вазиристондан чиқиб кетишга мажбур қилганди. Покистон ҳукуматининг 2009 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг минтақадан бошпана топган барча жангариларини ҳам ҳудуддан сиқиб чиқарганди. Ҳозир ҳам бу икки гуруҳ орасида бир-бирларига ишонч йўқ. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳам худди шундай. 2007 йилда Мулла Назир гуруҳи уларга ҳам қарши жанг олиб борган ва Жанубий Вазиристонни ташлаб чиқишга мажбур қилганди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон Толибон ҳаракатининг ўша пайтдаги раҳбари марҳум Байтуллоҳ Маҳсуднинг қанотига кирган, Шимолий Вазиристон ва Афғонистондан бошпана топишга мажбур бўлганди. Сизга шуни айтишим мумкинки, марҳум Мулла Назир гуруҳи бирор бир маҳаллий ёки хорижий жангари гуруҳи билан дўстона алоқада эмас.


Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.