
Ўзбекистон ҳукумати миллионлаб фуқаролари хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганини қонунан тан олишни истамайди.
Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи меҳнат муҳожирлари орасида ВИЧ-ОИТС хасталиги тарқалиб бориши тенденцияси юзасидан хавотир билдириб чиққан.
Ташкилотга кўра, айниқса, Россиядаги вазият ниҳоятда ташвишланарлидир.
Эксперт Ишчи гуруҳининг баён қилишича, Ўзбекистондаги мавжуд қонунчилик ВИЧ-ОИТСнинг меҳнат муҳожирлари ва улар оилалари орасида тарқалишининг олдини ололмайди.
Ўзбекистонда ВИЧ-ОИТС тарқалишини олдини олиш, бу турдаги хасталикларга қарши кураш мақсадидаги дастурлар энг катта таҳдид гуруҳига кирадиган меҳнат муҳожирларини ўз диққат-эътиборидан четда қолдираяпти.
Ўзбекистондаги масъул ташкилотлар аҳолининг мана шу қатлами билан ишламаяптилар.
Лекин статистик маълумотлар билан танишилиб, мавжуд тенденция кузатиладиган бўлса, айнан меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондаги ВИЧ-ОИТС бўйича эпидемиологик ҳолатни белгиловчи ва яқин йилларда белгилаб берувчи омилга айланиб боради.
Эксперт Ишчи гуруҳига кўра, Ўзбекистон давлати меҳнат муҳожирлигини қонунан тан олмагани сабабидан ҳам ВИЧ-ОИТС билан боғлиқ ташвишланарли вазият расмийларнинг эътиборидан четда қолаяпти.
Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари миллионлаб меҳнат муҳожирларига фақат "бармоқ орасидан қарашаяпти", меҳнат муҳожирларига аҳолининг фойдали бир гуруҳи сифатида қаралмаяпти.
"Ва шундан келиб чиқиб, уларга нисбатан мамлакатнинг яққол бир сиёсати, хусусан, меҳнат муҳожирлари орасида ВИЧ-ОИТСнинг тарқалиши олдини олиш бўйича ҳам сиёсати йўқ, десак бўлади", дейди Суҳроб Исмоилов.
2012 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21500 дан ортиқ ВИЧ инфекциясини юқтирган киши аниқланган.
Эксперт Ишчи гуруҳи бу борадаги расмий Тошкент маълумоти пасайтириб кўрсатилганини таъкидлайди ва Россиядан келаётган хавотирли хабарларга эътиборни қаратади.
2008 йилда Россия ҳудудида меҳнат қилаётган қарийб 1 миллион 100 киши текшириб кўрилганда 1579 вирусни янги юқтириш ҳолатлари аниқланган.
ВИЧ вирусини юқтирган муҳожирларнинг энг кўпи Украинадан бўлганлар, иккинчи ўринни ўзбекистонликлар эгаллаган.
Эксперт Ишчи гуруҳи меҳнат муҳожирларини ҳам ВИЧ вируси бўйича назорат хизмати рўйхатига киритишни, меҳнат муҳожирлари оилаларига тиббий, ҳуқуқий ижтимоий ёрдамлар, хусусан, ОИТСга оид маълумотларни бериб боришни, четда ишлаб юрганлар орасида жинсий хасталиклардан сақланиш йўллари ва воситаларни тарқатишни, энг муҳими, "Ташқи меҳнат миграцияси ҳақидаги" қонунни қабул қилишни таклиф этади.
Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов билан суҳбатни тингланг
Суҳроби Исмоилов билан суҳбат
Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи меҳнат муҳожирлари орасида ВИЧ-ОИТС хасталиги тарқалиб бориши тенденцияси юзасидан хавотир билдириб чиққан. Гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов билан суҳбат

























