Тошкентда янги очилган медиа марказ сўз эркинлигига таъсир қиладими?

Published
Янги студиялар энг замонавий технология билан жиҳозланган
Сурат тагсўзи, Янги студиялар энг замонавий технология билан жиҳозланган

Тошкентда 40 миллион долларлик янги медиа марказ ишга туширилган. Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси қошидаги марказ юқори аниқликдаги ёки HD форматдаги дастурлар, ҳужжатли фильм ва сериалларни ёзишга мўлжалланган.

Мазкур лойиҳа президентнинг фармони билан давлат бюджетидан амалга оширилган.

Телевидение раҳбарияти берган маълумотларга кўра, 1997 йилдан буён қарийб 122 ярим миллион евролик техник жиҳозлар сотиб олинган.

Марказда 1000 квадрат метр майдонга эга икки катта студия, ва 600 квадрат метрга эга кичикроқ студиялар мавжуд.

Шу тариқа Ўзбекистон МДҲ ҳудудида HD форматдаги телеканални ишга туширган биринчи давлат бўлмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон радиосининг сиёсий шарҳловчиси Нарзулла Охунжоновнинг айтишича, бу каби марказнинг яратилиши "оммавий ахборот воситалари ва шу жабҳада фаолият юритаётган жамики ходимлар учун кундан кунга шароитлар, имкониятлар, қулайликлар янада кенгаётганидан далолатдир".

Бироқ, янги формат Ўзбекистон телевидениеси тайёрлайдиган кўрсатувларнинг мазмун ва моҳиятига ёки телевидениедаги сўз эркинлигига ҳам таъсир кўрсатадими?

Жаноб Охунжонов бу фақат кадрлар масаласи, хусусан раҳбарият ўзгарганидан кейин юз бериши мумкин дейди.

"2005 йилгача ходимлар бизда яйраб ишлаган. Ижодий эркинлик ғоявий жиҳатдан йўналтира олиш ва мақсад сари тўғри йўлдан боришда оқсаш бор", дейди у.

Журналист бу марказда миграция, ишсизлик, одам савдоси каби масалаларга боғлиқ танқидий дастурлаш тайёрлаш мумкинлигини айтади.

Чегара Билмас Мухбирларнинг май ойида чоп қилган охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон эркин матбуот душманлари сирасига киритилган.

Ҳисоботга кўра, 20 йилдирки ҳукмронлик қилаётган Президент Ислом Каримов репрессия ва параноя муҳитини ушлаб турибди.

"Журналистлар учун мустақил хабар тарқатиш қимматга тушиши мумкин, улар терроризм ва экстремизм ёки бошқа сохта айбловлар билан маҳкамага тортиладилар. Ҳозирда камида 11 журналист панжара ортида ўтирибди.

Давлат матбуотида жаноб Каримовни мамлакатдаги "ютуқлар" учун масъул деб кўрувчи мақолаларнинг сони кўп.

Ижтимоий ва иқтисодий муаммолар муҳокамасига тоқат қилинмайди.