Қирғиз қишлоғи аҳолиси ўзбек анклавига борувчи йўлни тўсиб қўйди

Published

Қирғизистон жанубидаги Боткен вилояти Боткен туманининг Сой қишлоғи аҳолиси Ўзбекистоннинг Сўх анклавига борувчи йўлни тўсиб қўйган.

Сойликлар ўзбек чегарачиларини уларнинг қишлоғига борувчи юк машиналариларни Сўх ҳудуди орқали ўтишга изн бермаётганликда айблашган.

Улар Сўх анклави орқали транзит қатновини изга солиш, қўшни Ўзбекистон томонидан ташкил этилган қўшимча назорат пунктларини олиб ташлаш ва чегара борасида баҳсли масалаларни зудлик билан ҳал этишни талаб қилишган.

1999-2000 йил ёз ойларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Боткен ва Сўхга сизиб кириши ортидан Ўзбекистон Сўх ва унга қўшни Шоҳимардон анклави бўйлаб ўтган чегараларини миналаган эди.

2004 йилда Ўзбекистон Қуролли кучлари чегарани миналардан тўлиқ тозалаганини маълум қилган.

Сўх Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган уч анклавдан биридир.

Ҳудуди 352 квадрат километрдан иборат бўлган ушбу туман 135 километр айланасига Қирғизистон билан ўраб олинган.

Қарийб 60 минг аҳолига эга ушбу тумандаги 19 аҳоли масканида асосан тожик миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари яшашади.

Аҳоли сонининг тез суръатларда кўпаяётгани, сув тақчиллиги, қирғиз чегарачилари томонидан еттита текшириш нуқтасининг ўрнатилгани, коррупция ва миллий келишмовчиликларнинг мавжудлиги Сўх анклави муаммоларини янада чигаллаштирган.

Би-би-си асли сўхлик журналист Мирасрор Аҳроров билан боғланиб, анклав аҳолиси юз тутаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашди.

Мирасрор Аҳроров Сўх анклави аҳолиси Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларига бориб-келишда мунтазам қийинчиликларга дуч келишини айтади.