Хоразмда қуруқ келган куз ва қиш туфайли сув 20 фоизгача камайиши кутилади

Published

Иқлим ўзгариши боис жаҳондаги сув заҳираларига боғлиқ вазият қаерда қандай бўлишини башорат қилиш тобора мушкуллашмоқда.

БМТ ҳисоботига кўра, Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Тожикистон йирик сув инқирозига юз тутмоқда, чунки бу мамлакатлар сув ресурсларининг деярли 100 фоизини ишлатишар экан.

Ўзбекистонда айниқса Хоразм воҳаси сув муаммоларига юз тутиб келган. Бунга сабаб дея Орол денгизининг қуриши, Амударё сувининг камайиши ва ифлосланиши тилга олинади.

Урганчда чоп этилувчи "Хоразм Ҳақиқати" газетаси мухбири Олловарган Ражабовнинг айтишича, бу йил Хоразмда сув заҳираларининг 15-20% кам бўлиши кутилаяпти. Суғориш ишлари ана шу башорат ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилаётир.

"Бизда сентябрдан то февралнинг охиригача умуман ёғингарчилик бўлмади. Февралнинг охирида қор ёғди, кейин бир марта ёмғир ёғди. Гидрометбюро шуларга асосланиб башорат қилган бўлса керак", - дейди жаноб Ражабов.

Хоразм воҳаси жабр чекиб келадиган яна бир муаммолардан бири бу ернинг шўрланишидир.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда Орол денгизи ҳавзасидаги ерларнинг 60 фоиздан ортиғи шўрланган.

Хоразмда суғориладиган ер майдонларининг шўрланганлик даражаси Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 23,9% кўп экани аниқланган.

Вилоятда шўрланишни камайтириш учун ерости коллекторлари, яъни йиғма зовур тармоқларидан фойдаланилмоқда. Мутахассислар бу тармоқлар самарасини ошириш кераклигини айтишади.

"Коллекторлар фаолияти фақат Ўзбекистонга боғлиқ эмас. Масалан, бизнинг оқава сувларимиз Туркманистон орқали яна пастга оқиб кетиши керак. Ҳукуматимиз Туркманистонда 20 километрлик масофага тенг коллекторларни чуқурлаштиришга келишиб олди. Бу зовур тармоқлар қанчалар чуқурлаштирилса, оқава шунчалар тез оқиб кетади. Ер муттасил равишда ювиб турилмаса, табиий равишда туз юқорига кўтарилаверади", - дейди Олловарган Ражабов.

Хоразмлик мутахассислар Амударёнинг юқорироқ оқимидаги вилоятлар дарёга шўр сувни ташламасликларини таклиф қилишган, бироқ бу ҳали ҳам давом этмоқда ва Хоразм ерларига салбий таъсир қилмоқда. Аммо, журналистга кўра, ичимлик сувининг сифати яхшиланмоқда.

"Эронлик мутахассислар сувни чучуклаштириш бўйича янги технологияларни жорий этиб, аҳолига етказиб беришмоқда. Энг яхши сув омбори саналган Туямўйин сув омборида ҳам технологиялар янгиланмоқда, қувурлар таъмирланмоқда", - дейди жаноб Ражабов.

Аммо, маҳаллий шифокорлар Орол бўйидаги танг экологик вазият ҳудуд аҳолиси, айниқса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб келадилар.

Айни дамда, кузатувчилар иқлим ўзгариши таъсирида юзага келадиган сув тақчиллиги хавфи минтақадаги сув билан боғлиқ муаммолар нақадар долзарб эканига ишора этишини айтишмоқда.

Ўзбекистондаги "Гидроахборотмаркази" ҳисоботига кўра, охирги ўттиз йил ичида Ўзбекистондаги ерости сув заҳиралари 40 фоизга камайган. Бу республиканинг ғарбида, хусусан Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилган.