Лондонда уй-жой сотиб олаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда

Лондон
Сурат тагсўзи, Лондонда кўчмас мулкка бўлган талабнинг ортишига ўзбекистонликлар ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқдалар
Published

Global Property Consultancy ширкати томонидан ўтказилган янги сўровга кўра, ўтган бир йил ичида Лондонда кўчмас мулк сотиб олган хорижий фуқаролар сони ҳар қачонгидан ҳам кўпайган.

Кўчмас мулк сотиб олган хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этгани диққатни тортган.

Британияда икки йил муқаддам юз берган молиявий инқироз ортидан пойтахт Лондонда кўчмас мулк яна қимматлаша бошлаган.

Кўчмас мулк билан савдо қилувчи Knight Frank агентлигига кўра, бунинг асосий сабаби Лондондаги уй-жойларга хориж фуқаролари эътиборининг кучайиб бораётганидир.

Сўров асосида маълум бўлган яна бир қизиқ жиҳати Лондонда кўчмас мулк сотиб олган хорижликларнинг турфа хиллигидир.

2009 йилда Лондонда 46 мамлакат фуқаролари уй-жой сотиб олган бўлсалар, ҳозирга келиб 61 мамлакат фуқаролари Лондонда кўчмас мулк харид қилганлар.

Сўровда Ўзбекистон фуқаролари энг фаол харидорларга айлангани ҳам аниқланган.

Лондонда сотиб олинган уй-жой адади бўйича ўзбекистонликлар испанияликлардан сўнгра иккинчи ўринни эгаллашган.

Кўчмас мулк билан савдо қилувчи Knight Frank Residential Research ширкатининг бошлиғи Лиям Бэйлининг айтишича, ер ости заҳиралари ва хом ашёга бой Ўзбекистон Лондонда уй-жойга бўлган талабни кучайтириб юборган.

Австралия, Нигерия ва Россия каби табиий заҳираларга бой давлатлар ҳам Лондонда уй жойга бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлган.

Хабарда айтилишича, Лондонда қиймати бир неча миллион долларга тенг уй-жойларнинг аксарини хорижликлар сотиб олганлар.