Бурқада юришни тақиқлаш Францияда кимга нима учун керак?

Published

Франция парламенти бугун биринчи марта мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида бурқа кийишларини тақиқловчи қонунни қабул қилиш масаласида овоз берган. Қонун лойиҳаси энди парламент юқори палатасига тақдим этилади.

Юқори палата ушбу масалани сентябр ойида кўриб чиқади. Президент Николас Саркози қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган, аммо танқидчилар ҳукуматни жуда ҳам озчилик, бор-йўғи икки мингга яқин мусулмон аёлларни нишонга олаётган ўнг қанот сайловчиларга ён босаётганликда айблашади. Қонун лойиҳаси, шунингдек, барча партиялар ва кенг жамоатчилик томонидан ҳам дастакланган. Агар у ҳозирги кўринишида қабул қилинса, келаси йилдан бошлаб барча жамоат ва хусусий шахсларга қарашли жойларда бурқада юриш тақиқланади. Қонунни бузган аёлларга 150 евро жарима солинади, уларни бурқа кийишга мажбурлаган эркаклар эса, бир йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилишлари мумкин. Президент Саркози бурқанининг тақиқланиши Франциянинг дунёвий қадриятларини мустаҳкамлайди, деб айтган. Аммо оврўполик ҳуқуқшуносларга кўра, бурқани маън этиш велосипедчи ёки мотоциклчилар кийиб юрадиган каскани тақиқлаш билан билан баробар. Таниқли имом Обидхон қори Назаров Би-би-си билан суҳбатида янги қонун Ғарб давлатларида ҳам тортишувларга сабаб бўлаётганини айтади.