Дунёда қайси футбол лигаси энг зўр?

Сурат манбаси, AFP
Инглиз футбол жамоалари Оврўпо футбол мусобақаларида мағлуб бўлиб чиқиб кетгач, Би-би-си дунёда энг яхши футбол лигаси қайси бири деган саволга жавоб қидиради.
Бунинг учун биз дунёнинг тўрт энг кучли деб саналган футбол лигасини бир-бири билан турли жиҳатда солиштирдик.
СОВРИНЛАР

Испания бу соҳада тенгсиздир. Ўтган ўн беш йил давомида Оврўпо мусобақаларида энг кўп соврин қозонган лига Испаниянинг Ла Лигасидир.
Барселона ва Реал қозонган совринлар сони бошқа учта лиганинг бари қозонган совринлардан ҳам кўпдир.
Англиянинг Премиер Лигаси иккинчи ўринда. Манчестер Юнайтед, Ливерпул ва Челсилар Чемпионлар совринини қўлга киритишган. Ливерпул ва Челси УЕФА совринини ҳам қозонган.
Италия жамоалари уч бор Чемпионлар совринини ютган (Милан ва Интер). Олмониянинг Баварияси ҳам икки бор бу совринни қўлга киритган.
Хулоса: 1. Ла Лига - 5 очко; 2. Премиер Лига - 3 очко; 3. Серия А - 2 очко; 4. Бундеслига - 1 очко.
РАҚОБАТ
Хосе Мориньонинг сўзларига кўра, инглиз биринчилигида ҳар бир жамоа бошқасини ютиши мумкин.
Испанияда эса, дейлик, рақобат асосан Реал ва Барселона орасида эди. Рост, кейинги йиллар бу пойгага Атлетико Мадрид ҳам қўшила бошлади.
Шундай эса-да Испания Оврўпо мусобақаларига кўпроқ жамоаларини йўллайди. Ўтган ўн йил ичида бу жамоалар сони 12 ни ташкил қилган.
Олмониядан 11 жамоа бу мусобақаларда қатнашган, Италиядан 10та.
Англиядан 7 жамоа Оврўпо мусобақаларида қатнашишга муяссар бўлган.
Ҳар ўйиндаги голлар сонини оладиган бўлсак, Бундеслига биринчи ўриндадир - 3.1 гол. Бошқаларнинг кўрсаткичи 2.7 атрофидадир.
Хулоса: 1. Бундеслига - 5; 2. Ла Лига - 3; 3. Серия А - 2; 4. Премиер Лига - 1.
ТОМОШАБИНЛАР

Бунда пешқадам Бундеслигадир. Ҳар ўйинни ўртача 42,609 киши стадионда кўради.
Рост, Олмониянинг аҳолиси каттароқ. Лекин яна бир сабаб, ишқибозлар ҳар жамоанинг 51% ҳиссасига эгадирлар.
Чипталар нархи ҳам энг арзон. Дейлик, Бавария ўйинларига чипталар нархи $15 - $80 атрофида. Англиянинг Арсенали ўйинига кириш учун эса $40 - $140 тўлаш керак.
Италия ва Испанияда чипталар янада қимматроқ. Милан ўйинларига чипталар $ 470 етади, Реал ва Барселона ўйинлари эса $ 293 ва $ 243 туради.
Бунинг эса ҳар ўйинга келган томошабинлар сонига ҳам таъсири катта.
Хулоса: 1. Бундеслига - 5; 2. Премиер Лига - 3; 3. Ла Лига - 2; 4. Серия А - 1.
ПУЛ
Премиер Лиганинг бу соҳадаги қудрати шубҳасиздир.
Бундан бир ой муқаддам Sky Sports ва BT $ 7,700 миллион (£ 5,100 миллион) маблағни 2016-2019 йиллар давомидаги ТВ ҳуқуқлари учун тўлаш ҳақидаги битимни имзолашди.
Премиер Лиганинг бойлиги трансфер бозорида ҳам ифода топган. 2014 йили $ 1,200 миллион трансферлар учун тўланган. Бу кўрсаткич Испанияга нисбатан 67% кўпроқдир.
Қолган рақамларни графикимиздан кўриш мумкиндир.

Хулоса: 1. Премиер Лига - 5; 2. Серия А - 3;, 3. Ла Лига - 2; 4. Бундеслига - 1.
РАҚАМЛАР
Испанияда ўйнайдиган Роналдо ва Месси ўзаро Оврўпо мусобақаларида 102 гол уришган (Месси - 50, Роналдо - 52). Улар сўнгги йиллари етти бор дунёнинг энг яхши ўйинчиси номини қозонишган.
Дунёнинг энг қиммат 5 тўп сурувчиси ҳам Ла Лигада ўйнайди.
Премиер Лигада ўйновчи Ангел Де Мария 6-нчи ўриндадир. Олмония эса фақат 13 ва 18 ўринларни эгаллайди.

Хулоса: 1. Ла Лига - 5; 2. Премиер Лига - 3; 3. Бундеслига - 2; 4. Серия А - 1.
УМУМИЙ НАТИЖА
Ла Лига (Испания) - 17 очко
Премиер Лига (Англия ва Уэлс) - 15 очко
Бундеслига (Олмония) - 14 очко
Серия А (Италия) - 9 очко



























