Бразилия 2014: Қуръа ташланди, ким 'Ўлим' гуруҳида?

Published

Дунё футбол аҳлини орзиқтириб, манаман деган мураббийларнинг юракларига ғулғула солган тадбир Тошкент вақти кеч соат 21:00да бошланди ва Баия штатининг оромгоҳ Коста-ду-Саупе шаҳарчасида бўлиб ўтди.

Қуръа ташлаш маросимига бразилиялик таниқли актёрлар Фернанда Лима ва Родриго Ҳилбертлар мезбонлик қилишди. Маргарет Менезес, “Олодум” гуруҳи ва Эмисида ўз қўшиқлари билан мезбон Бразилиянинг бутун гўзаллигини кўз-кўз қилишни мақсад қилган тадбирнинг очилиш маросимини қизитишди.

Қуръа ташлаш вазифаси эса, бундан аввалги жаҳон чемпионатларининг гули бўлган футболчилар сэр Жефф Херст, Зайниддин Зидан, Кафу ва Фабио Каннавароларнинг зиммасига юклатилди.

Ташланган қуръа натижасига мувофиқ, 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиққан 32 та миллий терма жамоа тўрттадан саккизта гуруҳга бўлинди – ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар эса, кейинги босқичга чиқишади.

Қуръа натижасида Уругвай, Италия, Англия ва Коста Рика тушган “D” гуруҳи “Ўлим” гуруҳи, дея баҳоланмоқда.

Тўрт Осиё вакили эса, кейинги босқичга чиқиш учун:

АВСТРАЛИЯ Испания, Чили, Голландия

ЯПОНИЯ Колумбия, Фил Суяги қирғоғи, Юнонистон,

ЭРОН Аргентина, Нигерия, Босния,

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ Бельгия, Жазоир ва Россия билан куч синашадиган бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, ўз гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган миллий терма жамоаларгина жаҳон чемпионлиги учун ўз курашларини давом эттиришади.

2014 йилги жаҳон чемпионати 12 июн-13 июл оралиғида бўлиб ўтади.

Шундай қилиб:

“А” ГУРУҲИ: БРАЗИЛИЯ, МЕКСИКА, КАМЕРУН, ХОРВАТИЯ“В” ГУРУҲИ: ИСПАНИЯ, ЧИЛИ, АВСТРАЛИЯ, ГОЛЛАНДИЯ“С” ГУРУҲИ: КОЛУМБИЯ, ФИЛ СУЯГИ ҚИРҒОҒИ, ЯПОНИЯ, ЮНОНИСТОН“D” ГУРУҲИ: УРУГВАЙ, ИТАЛИЯ, КОСТА РИКА, АНГЛИЯ“E” ГУРУҲИ: ШВЕЙЦАРИЯ, ЭКВАДОР, ГОНДУРАС, ФРАНЦИЯ“F” ГУРУҲИ: АРГЕНТИНА, НИГЕРИЯ, ЭРОН, БОСНИЯ“G” ГУРУҲИ: ОЛМОНИЯ, ГАНА, АҚШ, ПОРТУГАЛИЯ“H” ГУРУҲИ: ЖАНУБИЯ КОРЕЯ, БЕЛЬГИЯ, ЖАЗОИР, РОССИЯ

Тартиб-қоидага мувофиқ, бирор бир гуруҳда иккитадан ортиқ Оврўпо миллий терма жамоаси бўлмайди ва фақат битта Жанубий Америка вакилининг бўлиши тақозо этилади.

Қуръа қандай ташланди?

ЮҚОРИ ЕТТИЛИК ВА МЕЗБОНЛИК ШАРАФИ

Айни ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, ФИФА рейтингида дастлабки етти ўринни эгаллаб турган ва уларга қўшимча мезбон миллий терма жамоа тўғридан-тўғри биринчи саватчадан ўрин олишади.

Булар – Бразилия, Испания, Олмония, Аргентина, Колумбия, Бельгия, Уругвай ва Швейцариядир.

Бразилияга эса, аллақачон “А” гуруҳидан жой ажратилган. Қолган етти миллий терма жамоа қуръа натижасига мувофиқ, “В”-“Н” гуруҳларига тақсимланади.

ШУНДАЙ ҚИЛИБ, ҚОЛГАН САВАТЧАЛАРДАН:

Иккинчи саватча: Жазоир, Камерун, Чили, Фил Суяги Қирғоғи(Кот-д’Ивуар), Эквадор, Гана, Нигерия

Учинчи саватча: Австралия, Коста-Рика, Гондурас, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Мексика, АҚШ

Тўртинчи саватча: Босния ва Герцеговина, Хорватия, Англия, Франция, Греция, Италия, Голландия, Португалия ва Россия ўрин олишган.

Эслатиб ўтиш жоиз, давлатлар ФИФА рейтинги, ҳудудий жойлашуви ва бошқа параметрларга қараб бошланғич саватчаларга бўлинган.

ФИФА рейтингида юқори еттиликка кирмаган Жанубий Америка вакиллари Африка қитъаси намоёндалари билан 2-саватчадан жой олишган.

3-саватча соҳибларини эса, Осиё, Шимолий ва Марказий Америка вакиллари ташкил этишган. 4-саватчадан тўққиз Оврўпо миллий терма жамоаси жой олган.

САВАТЧАЛАР?

Қуръа ташлаш жараёнида бир гуруҳда учта Оврўпо миллий терма жамоаси тушиб қолишининг олдини олиш учун саватчалар соҳибларининг сони бир-биридан фарқ қилади.

Маросимнинг бошида 4-саватчадан битта терма жамоа танлаб олинди ва 2-саватчага жойлаштирилди.

Ўз саватчасини алмаштиришига тўғри келган у жамоа эса, сўзсиз, 1-саватчадаги Жанубий Америка вакили билан тўқнаш келади.

Бу тартиб-қоидага мувофиқ кўзда тутилган. Қолган тақсимот жараёни эса, анъанавий тарзда давом этади.

Бу ҳақда ФИФА сешанба куни маълум қилганди.

ҚИСҚАЧА 2014 ЙИЛГИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ҲАҚИДА

Футбол бўйича келаси йилги жаҳон чемпионати 12 июндан 13 июлгача Бразилиянинг 12 шаҳри:

Рио-де-Жанейро, Сан-Паулу, Белу-Оризонти, Порту-Алегри, Бразилиа, Куяба, Куритиба, Форталеза, Манаус, Натал, Ресифи ва Салвадорда бўлиб ўтади.

• Жаъми 64 та ўйин ўйналади. Жаҳон чемпионатининг дастлабки учрашувини Бразилия миллий терма жамоаси Сан-Паулу шаҳрида бошлаб беради. Финал беллашуви эса, Рио-де-Жанейро шаҳрининг "Маракана" стадионида бўлиб ўтади.

• 2014 йилги жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 560 миллион долларни ташкил қилади. Бу – Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатиникидан 140 миллион долларга кўпдир. Бу пулдан 40 миллион доллари янги жаҳон чемпионига тегади.

2014 йилги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини Япония, Жанубий Корея, Эрон ва Австралия намоён этишади.