Футбол: Афғонистон ўз тарихида илк бор Олтин Кубокни қўлга киритди

- Author, Феруза Раҳмон,
- Role, Би-би-си, Лондон
- Published
Афғонистон миллий терма жамоаси Жанубий Осиё Футбол Уюшмаси Олтин Кубогининг финал босқичида Ҳиндистонни енгиб, ўз тарихида илк бор бу каби ютуққа эришди.
Непал пойтахти Катмандуда бўлиб ўтган якуний учрашувда “Хуросон шерлари” амалдаги кубок соҳиби "Оқ йўлбарслар"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Футболдаги айни ғалаба Афғонистон миллий терма жамоаси ўз тарихида қайд этган энг юксак натижаси бўлади.
Финал учрашуви асосан Ҳиндистоннинг устунлиги билан кечган эса-да, Афғонистон қарши ҳужумда яратишга муваффақ бўлган қулай вазиятлардан унумли фойдаланди. Яхши ҳимояланди.
Учрашув 1-бўлимининг дастлабки дақиқаларида уюштирган устма-уст ҳужумлари бесамар кетмади. Мустафо Озодзай киритган илк тўп ҳисобига дастлабки 10-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олди.
Иккинчи бўлим ўрталарида Санжар Аҳмадий томонидан киритилган иккинчи тўп эса, Афғонистоннинг финал учрашувидаги ғалабасини мутлақ таъминлади.
Ҳиндистон якуний дақиқаларга қадар ҳужумга зўр берган эса-да, ўйинда ҳисобни ўзгартиришга қодир бўлмади.
Бу - Олтин Кубок учун курашаётган икки рақиб жамоанинг финал босқичида иккинчи бор бир-бирларига қарши тўп суришлари бўлади.
Аммо 2011 йилда бўлиб ўтган финал беллашуви Ҳиндистон ҳисобига ҳал бўлган ва Афғонистон иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлганди.
Қисқа тарихча ўрнида
Афғонистон бу йилги турнирнинг гуруҳ босқич саралаш беллашувларини кетма-кет ғалаба билан бошлаган, Бутан ва Шри Ланкани йирик ҳисобда мағлуб этган эди.
Икки ғалабаси ортидан, муддатидан илгари ярим финал босқичига чиққан, аммо Малдивга қарши гуруҳ босқич саралаш учрашувларининг сўнггисида дуранг натижа қайд этганди.
Шундан сўнг аёвсиз ва таъбир жоиз бўлса, драматик кечган ярим финал учрашувида мезбон Непалнинг кичик ҳисобдаги фарқ билан енгиб, финал босқичига чиққанди.
Афғонистон миллий терма жамоаси билан таққосланганда, амалдаги Олтин Кубок соҳиби эканига қарамай, Ҳиндистон гуруҳ босқич саралаш беллашувларида анчайин камтар натижа қайд этган.

Олти карра Олтин Кубок соҳиби бўлган Ҳиндистон бу йил ҳам турнир фаворитларидан бири сифатида кўрилганди.
Аммо миллий терма жамоа бу гал Покистонни енгиб, Бангладеш билан дуранг ўйнаган ва мезбон Непалдан енгилиб, ярим финалга бир амаллаб чиққан.
Ярим финал беллашувида Малдивни мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи бор Жанубий Осиё Футбол Уюшмаси Олтин Кубогининг финалида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритганди.
Непалдаги турнир 31 август куни старт олган ва бугунги финал учрашуви билан ўз ниҳоясига етади.
Ушбу минтақавий турнирда анъанавий равишда саккиз давлат - Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Шри Ланка, Малдив, Непал ва Бутан иштирок этиб келишади.
Аммо Афғонистон жорий пайтда бу саккиз иштирокчи давлат орасидан 139-ўрин билан ФИФА рейтингида энг яхши натижани қайд этиб турибди.
Уни ўтказишдан мақсад эса, Жанубий Осиё минтақасида футболни янада ривожлантириш экани айтилади.
Афғонистон миллий терма жамоаси ушбу минтақавий турнирда 2005 йилдан бошлаб иштирок этиб келади.
Бугунги рақиби Ҳиндистоннинг иштироки эса, Жанубий Осиё Футбол Уюшмаси Олтин Кубоги старт олган 1993 йилга бориб тақалади.
























