Мишел Платинига: 'Оврўпо футболида қўй қурбонлик қилинмасин'

Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилот бунинг ортидан жаноб Платинидан ўз таъсиридан фойдаланиб, бу йилги Чемпионлар ва Оврўпо Лигаси ўйинлари чоғида ортиқ бу каби қурбонликларга йўл қўймаслигини сўрайди
Сурат тагсўзи, Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилот бунинг ортидан жаноб Платинидан ўз таъсиридан фойдаланиб, бу йилги Чемпионлар ва Оврўпо Лигаси ўйинлари чоғида ортиқ бу каби қурбонликларга йўл қўймаслигини сўрайди
Published

УЕФА президентига Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Peta ташкилоти ана шундай мурожаат билан чиққан.

Бунга қозоқ футбол жамоасининг Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи учрашуви арафасида стадионга мулла чақириб, қўй қурбонлик қилгани сабаб бўлган.

Бу ҳақда Буюк Британияда чоп этилувчи нуфузли "Guardian" газетаси хабар берган.

Шу ҳафта душанба куни Қозоғистоннинг "Шахтёр" (Қарағанда) клуби ўз майдонида Шотландиянинг "Селтик" жамоасини қабул қилганди.

Қозоқ жамоаси сўнгги машғулотларидан аввал Чемпионлар лигаси плей-офф беллашуви бўлиб ўтиши кутилган "Астана Арена" стадионида қурбонлик қилган ва эртасига шотландиялик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Британ газетасининг ёзишича, ўйин ортидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида қозоқ жамоаси Бош мураббийи Виктор Кумиков бу каби маҳаллий анъанадан бохабар эканини айтган. Аммо унинг икир-чикирига тўхталиб ўтирмаган.

"Шахтёр"(Қарағанда) энди шу чоршанба куни жавоб учрашувини ўтказиш учун Глазгога сафар қилади.

Қозоқ жамоаси сўнгги машғулотларидан аввал Чемпионлар лигаси плей-офф беллашуви бўлиб ўтиши кутилган "Астана Арена" стадионида қурбонлик қилган ва эртасига шотландиялик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди
Сурат тагсўзи, Қозоқ жамоаси сўнгги машғулотларидан аввал Чемпионлар лигаси плей-офф беллашуви бўлиб ўтиши кутилган "Астана Арена" стадионида қурбонлик қилган ва эртасига шотландиялик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди

Peta эса, Мишель Платинига йўллаган расмий мактубида УЕФАнинг "илғор қарашда" экани ва вазифаси "ўйин, футболчилар ҳамда қадриятларни ҳимоя этиш" эканига оид ўз баёнотларидан иқтибос келтиради.

Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилот бунинг ортидан жаноб Платинидан ўз таъсиридан фойдаланиб, бу йилги Чемпионлар ва Оврўпо Лигаси ўйинлари чоғида ортиқ бу каби қурбонликларга йўл қўймаслигини сўрайди.

"Биз қозоқ жамоасининг омадини бериши учун қўй қурбонлик қилинганидан жуда ташвишга тушдик. Замонавий жамиятда ҳайвоннинг қурбонлик келтирилишига ўрин йўқ. Умид қиламизки, жаноб Платини бизнинг бу фикримизга қўшилади. Биз УЕФАнинг футбол каби гўзал ўйиннинг ҳайвонлар қони билан булғанмаслиги йўлида тезда ва қатъий чора кўришига кўз тикиб қоламиз", деб айтган Peta раҳбари муовини Мими Бекхечи.

Душанба кунги ўйинга қадар Қозоғистоннинг "Шахтёр"и бу йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқич беллашувларига чиқиш учун курашаётган жамоалар орасида аутсайдерлардан бири сифатида кўрилганди.

Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи жавоб учрашуви эса, 28 август куни бўлиб ўтади.

Агар, ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ ғалаба қозонса, "Шахтёр"(Қарағанда) Қозоғистон тарихида Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқич беллашувларига чиққан илк жамоа бўлади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги Чемпионлар Лигаси Кубоги Олмониянинг "Бавария" жамоасига насиб этган.