Луиз Фелипе Сколари яна Бразилия жамоаси бош мураббийси

Сўнгги янгиланиш 29 ноябр 2012 - 14:19 GMT

Бразилия ўзи мезбонлик қилаётган 2014 йилги жаҳон чемпионатига ҳам жаноб Сколари бош мураббийлиги остида майдонга тушади

Бразилия Футбол Конфедерациясига таяниб тарқатилган хабарларга кўра, "Бунёдкор" собиқ бош мураббийси яна ўз миллий терма жамоасига қайтади.

Луиз Фелипе Сколари ўтган ҳафта вазифасидан четлатилган Мано Менезеснинг ўрнини эгаллайди.

Бразилия ўзи мезбонлик қилаётган 2014 йилги жаҳон чемпионатига ҳам жаноб Сколари бош мураббийлиги остида майдонга тушади.

Луиз Фелипе Сколари бундан аввал ҳам Бразилия миллий терма жамоасига бошчилик қилган.

Миллий терма жамоага 2001 йилда бош мураббий этиб тайинланган бўлса, орадан йил ўтиб, 2002 йилда Бразилияни жаҳон чемпиони қилган.

Аммо миллий терма жамоанинг оламшумул ғалабаси ортидан, Луис Фелипе Сколари бош мураббийликдан кетган.

Жаноб Сколари 2004-2008 йилларда Португалия миллий терма жамоаси билан ишлаган ва жамоани Оврўпо чемпионатининг финал, жаҳон чемпионатининг эса, ярим финал босқичигача олиб чиққан.

Шундан сўнг россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг "Челси"сини бошқарган, аммо клубнинг кетма-кет муваффақиятсизлиги ортидан, бир йил ўтмай, ишдан бўшатилган.

Луис Фелиппе Сколари мураббийлик фаолияти давомида Саудия Арабистони, Япония, Қувайт ва Ўзбекистонда ҳам ишлаган.

"Бунёдкор"

Луиз Фелипе Сколари 2009-2010 йилларда ўша пайтда Осиёнинг энг серхарж ва осмонўпар жамоаларидан бири ҳисобланган Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига ҳам бош мураббийлик қилган.

Клуб ўзининг қитъа ва жаҳон чемпиони бўлиш орзусини амалга ошириш учун бразилиялик мураббий билан бир ярим йилга шартнома имзолаганди.

Аммо Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубияти ортидан "дунёнинг энг қиммат" ва донгдор мураббийларидан бири Луиз Фелиппе Сколари "Бунёдкор"ни бир йил ўтмай, муддатидан илгари тарк этганди.

Ўша пайтда Оврўподаги айрим нашрлар "Бунёдкор" билан шартномаси Луиз Фелипе Сколарини "дунёдаги энг қиммат мураббий"га айлантиргани ҳақида ёзишганди.

Лекин клубнинг ўзи жаноб Сколари билан шартнома қийматини расман очиқламаган.

Айрим веб саҳифаларда чоп этилган хабарларда бразилиялик мураббийнинг "Бунёдкор"дан кетишига асосий ҳомийларидан бири деб кўрилган "Зеромакс" ширкати ҳисобларининг музлатилиши сабаб бўлгани ҳам айтилганди.

Аммо Би-би-си билан суҳбатида клуб воизи ушбу хабарларни тасдиқламаганди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.