Футбол: Тошкент ресторанлари Euro 2012 олдидан беллашишмоқчи

    • Author, Феруза Раҳмон,
    • Role, Би-би-си, Лондон
  • Published

Ташкилотчиларга кўра, Тошкентдаги энг яхши ресторанлар ўртасидаги футбол бўйича учинчи очиқ чемпионат бу йил Оврўпо биринчилигига бағишланади.

Аён бўлишича, 3 июн куни 12 та ресторан "Энг мазали" номи учун майдонга тушишади ва шу йўл билан уларнинг орасидаги энг зўр футбол жамоаси аниқлаб олинади.

Тадбир ҳамташкилотчиларидан Шерзод Икромовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, беллашув уч босқичдан иборат бўлади.

Унга кўра, бир куннинг ўзида ҳам саралаш, ҳам ярим финал ва ҳам финал учрашувлари бўлиб ўтади.

Ўзига хос тадбир Тошкент Давлат иқтисодиёт университети стадионида уюштирилади.

Шерзод Икромовнинг айтишича, бу каби ғайриодатий ташаббус муаллифи Тошкент шаҳридаги таниқли "шоумен" Артур Григоряндир.

"Тошкент шаҳридаги энг яхши ресторанлар ўртасидаги футбол бўйича илк очиқ чемпионатини биз Жаҳон биринчилигига бағишлагандик. Ўшандан буён бу каби тадбирни ўтказиш анъанага айланиб қолди", дейди у.

Ташкилотчиларга кўра, бу тужжорий тадбир бўлмагани боис, ғолиб фақат ўзлари тайёрлаган кубокка умид қила олади, холос.

"Менимча, футбол беллашуви ёшлар учун ҳам, бу ўн икки ресторан хўрандалари учун ҳам қизиқ бўлишига шубҳа йўқ", дейди Шерзод Икромов.

Унга кўра, футбол учрашувларини томоша қилиш ва севимли "жамоалари"га ишқибозлик қилиш учун, албатта, етарлича одам топилади.

Украина ва Польша ҳаммезбонлигидаги Оврўпо чемпионатининг ўзи эса, 8 июн куни старт олади.

Ўзбекистон чемпионатга қандай ҳозирлик кўрмоқда?

Маҳаллий футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Оврўпо чемпионатини ҳар сафаргидек ниҳоятда орзиқиб кутишяпти.

"Чунки, жудаям йирик мусобақа. Устига устак, Оврўпо футболи ривожланганлиги учун, чемпионатнинг нуфузини, ҳатто, Жаҳон биринчилигидан устун қўяётганлар ҳам бор", дейди шарҳловчи.

Унга кўра, Тошкент шаҳридаги айрим ресторан ва кафелар аллақачон турли эълонлар орқали футбол ишқибозларини ўзларига даъват этишни ҳам бошлашган.

Аён бўлишича, Оврўпо чемпионати беллашувлари вақти Ўзбекистонда ярим тунга тўғри келиши ҳам мухлисларни чўчитаётгани йўқ.

Аброр Имомхўжаевнинг айтишича, бўлажак халқаро тадбирга мамлакат оммавий-ахборот воситаларида ҳам қизиқиш кучли.

"Ҳам футбол ишқибозларига кўпроқ маълумот етказиш, ҳам шунинг орқасидан бир-икки сўм бўлсаям, фойда кўриш мақсадида ҳозир деярли ҳамма спорт нашрлари махсус сонларини чоп этиш билан бандлар".

Унга кўра, Оврўпо чемпионати давомида қай бир миллий терма жамоага ишқибозлик қилиш масаласида мухлисларнинг фикрлари ҳар хил.

"Лекин ким ғолиб чиқади, деган саволга асосан Испания билан Олмония назарда тутилаяпти. Жуда кўп тортишувлар, баҳсу мунозаралар кетаяпти. Аммо, чемпионат иштирокчиларининг жуда ярми бўлмаса ҳам, учдан бир қисмига ишқибозлик қиладиган мухлислар бор", дейди футбол шарҳловчиси.

Трансляция ҳуқуқи

Аён бўлишича, Оврўпо чемпионати учрашувлари бу йил Ўзбекистонга тўғридан-тўғри олиб узатилади.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси вакилининг биз билан суҳбатида айтишича, бу хусусда Осиё телерадиоузатиш иттифоқи билан шартнома имзоланган.

"Саккизинчи июндан бошлаб, биринчи июлгача, чемпионат бошидан охиригача тўлиқ трансляция этилади", дейди компания вакили.

У мазкур шартнома молиявий жиҳатдан Ўзбекистон томонига қанчага тушгани ҳақида ўзида маълумот йўқлигини айтади.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси ходимининг сўзларига кўра, Оврўпо чемпионати учрашувларини олиб кўрсатишдан тижорат мақсадларида фойдаланишса, ресторан, кафе, бар ва овқатланиш шохобчалари ўзлари билан шартнома имзолашлари лозим бўлади.

Маълум бўлишича, бу каби лицензияни олиш учун овқатланиш масканлари Тошкент шаҳри мисолида давлат курси бўйича 1000 АҚШ доллари, вилоятлар мисолида эса, давлат курси бўйича 500 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказишлари лозим бўлади.

Телерадиокомпания вакилининг айтишича, ўзлари билан шартнома имзолашга қизиқиш билдираётганлар анчагина.

Унга кўра, ўйинларни ўғринча олиб узатиш ҳоллари ваколатли органлар томонидан қатъий назорат остига олинган.

"Агар бунақа қонунбузарликларга йўл қўйилса ёки бунга ўхшаш ҳолатлар аниқланса, улар жаримага тортилишади".

Вакилнинг сўзларига кўра, Осиё телерадиоузатиш иттифоқи билан имзолаган шартномаси туфайли, Оврўпо чемпионати учрашувларини трансляция этиш ҳуқуқига фақат Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси эгадир.