ФИФА Бош қароргоҳига миллионлаб ишқибозларни жалб этмоқчи

Сурат манбаси, AFP
Халқаро Футбол Уюшмаси бутун дунёдан футбол ишқибозларини Цюрихдаги қароргоҳига жалб этиш учун қарийб 200 миллион АҚШ долларига ерости музейи қурмоқчи.
ФИФА Президенти Зепп Блаттернинг айтишича, "жаҳон футболи миллионлаб мухлислари учрашадиган жойга эга бўлишининг нақ пайти етган".
Халқаро ташкилот веб саҳифасида чоп этилган баёнотдан маълум бўлишича, музейда 3D(уч ўлчамдаги) фильмлар, турли хил ўйинлар бўлади ва кубоклар ҳам намойишга қўйилади.
ФИФАнинг билдиришича, ижроий қўмитаси янги лойиҳага кетадиган сарф-харажатларни ҳам маъқуллаган.
Аммо янги режа ижросига киришилишидан аввал Цюрих шаҳар масъулларининг ҳам розилиги лозим бўлади.
Бўлажак музей сабаб, ФИФА Бош қароргоҳи ходимларининг сони ҳам 380 тадан 500га ортади.
Ўтган йил эълон қилинган йиллик ҳисоботига қаралса, ФИФА бир миллиард доллардан ошиқроқ нақд пул захирасига эга.
Шунинг учун ҳам, янги музейга юзлаб миллион доллар маблағ сарфлаши халқаро ташкилот учун муаммо бўладиган кўринмайди.

























