Солижон Шарипов: 'Ўзбек паловини Ойда ҳам ейишмоқда'
Британиялик астронавт Тим Пик мактаб ўқувчиларини фазода озиқ-овқат экинларини етиштиришга доир тажрибада қатнашишга таклиф қилган.
Тажрибада орбитага олиб чиқилган руккола (салатларда ишлатиладиган карамдошлар оиласига мансуб ўсимлик) уруғини ерга қадаб, уларнинг ўсишини нормал руккола ўсимлигининг ўсиши билан қиёсланади.
Пикнинг айтишича, агар инсоният олис сайёраларга саёҳат қилиб, уларда яшашни истаса, фазода озиқ-овқат экинларини ўстириш муҳим аҳамият касб этади.
Тажрибага Қироллик Ботаника Жамияти ҳамда Британия Фазо Агентлиги бош-қош бўлади.
Тим Пик шу йил охирида Халқаро Фазо Станциясига олти ойлик сафарини бошлайди.
У ўзи билан бирга 1 миллиондан кўпроқ руккола уруғларини фазога олиб чиқади.
Фазогир Ерга қайтгач, бу уруғлар 10 мингдан ортиқ кўнгилли мактаб болаларига тарқатилади.
Болалар олти ой мобайнида фазодаги муҳит бу уруғларга бирон-бир шаклда таъсир кўрсатиб-кўрсатмаганини аниқлашлари керак бўлади.

Британиялик фазогирнинг айтишича, тажриба натижаларидан фазо агентликлари олиб бораётган тадқиқотда фойдаланиш режаланган.
Тадқиқотдан мақсад бир кун келиб, фазогирлар ўзлари истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини фазода етиштириш имконига эга бўладиларми, деган саволга жавоб топишдир.
Оврўпо Фазо Агентлигига кўра, ҳар бир фазогир бир кунда 5 килограмм озиқ-овқат истеъмол қилади.
Бу озиқ-овқат таъминоти уларга Ердан етказиб берилади.
Аммо инсоният келажакда Ойни доимий ўзлаштирадиган бўлса, унга озиқ-овқат етказиб бериш ҳаддан ташқари қимматга тушади.
Шунингдек, Марсга бориб-қайтишнинг ҳам имкони бўлмайди.
Инсоният фазони забт этган 1960-йиллардан эътиборан бу каби тажрибалар ўтказиб келинган.
Машҳур ўзбек фазогири Солижон Шариповнинг айтишича, унинг ўзи фазода нўхат ўстириш тажрибасини амалга оширган.
Би-би-си билан суҳбатда асли ўзгенлик фазогир Ўзганнинг машҳур гуручини фазода ўстириб кўрмагани, аммо "Мир" станциясида америкалик ва россиялик фазогирлар билан бирга Ўзген гуручидан тайёрланган ошни еганликлари ҳақида гапириб берди.
Унинг айтишича, ўзбек палови яқинда россиялик фазогирларнинг рационига ҳам киритилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio