Россияда меҳнат муҳожирлар иш ташлаган

Сурат манбаси, RIA
Россия интернет нашрлари хабар тарқатишича, Москвада метро қурувчилари иш ташлашган.
Метро қурилишида банд бўлган "Ингеоком" ташкилоти ишчилари иш ҳақлари берилмаётганидан норозилар.
Ишчиларнинг аксарияти россиялик бўлмаганлар, уларнинг ичида марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳам борлиги айтилади.
Улар иш ҳақлари тўлиқ берилишини талаб қилиб чиққанлар.
Яковоапостольск кўчасида жойлашган ширкат биноси олдида йиғилган қурувчилар билан Дождь телеканали журналистлари суҳбатлашган.
Меҳнат муҳожирлари вакилининг айтишича, қурувчилар қонунга хилоф тарзда 12 соатлаб ишлашларига тўғри келган. Бироқ иш ҳақлари ўз вақтида берилмай келяпти. Улар охирги марта январ ойида пул олганлар.
Ингеоком ширкати раҳбариятининг мухбирларга айтишича, тез кунларда иш ҳақи билан муаммо ҳал қилинади.
Бундан олдин Россияда 2018 йилда ўтадиган футбол чемпионати учун қурилаётган иншоотда ишлаётган ўзбекистонлик 250 меҳнат муҳожири ҳам маошини талаб қилиб иш ташлаганди.
Би-би-си гаплашган меҳнат муҳожири бир ҳафтадан бери Нижний Новгород шаҳрида ишламай ётганларини гапириб берган.
Унинг айтишича, ўзлари ишлаётган турк фирмаси "қурилишга масъул бўлган "Стройтрансгаз" пул ўтказмаяпти", деган баҳона билан иш ҳақини бермай келяпти.
Меҳнат муҳожирига кўра, қўлларида шартнома бўлмагани боис, қурувчилар алданиб қолишдан қўрқаяптилар.
Иш ҳақини ўз вақтида бермаслик ёки меҳнат муҳожирлари бўлган ишчиларни алдаб кетиш ҳолатлари Россияда тез-тез кузатилади.
Бундан ташқари, Россиядаги иқтисодий вазият барча соҳалар каби қурилиш ишларига ҳам таъсир қилмай қўймаган.
Ундан энг катта зарар кўрганлар яна Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари бўлаётгани ҳам айтилади фаоллар томонидан.
Ҳисоб-китобларга қараганда, меҳнат муҳожирларининг ортга, оилаларига юборган пуллари ҳам ярмига қисқарган.
Мисол учун, Россиядан Ўзбекистонга муҳожирлар орқали ҳар йили 5-6 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилган бўлса, ўтган йилнинг биринчи чорагида 910 млн доллар юборилган.
Бу бошқа йилларга солиштирганда 11 фоизга кам деганидир.
Турли шароитлар сабабли ватанига қайтган муҳожирлар сони кўпайганига қарамай, Россия ФМХ маълумотларига кўра, мамлакатда ишлаётган ўзбекистонликлар сони миллиондан ошиқни ташкил қилади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter BBC UZBEK
- Odnoklassniki BBCUZBEK
- Facebook BBC UZBEK
- Google+ BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon





























