Назарбоев 'Макдоналдс' га ташриф буюрди

Published

Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, 5 март куни Президент Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги биринчи 'Макдоналдс' ресторанини бориб кўрган.

206 мижозга хизмат кўрсатишга қодир ресторанга зарур маҳсулотлар Қозоғистондаги ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилиши, таъминотчилар ким бўлиши тасдиқланиши хабар қилинган.

Президент матбуот-хизматига кўра, рестораннинг расмий очилиш маросими 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами кунига мўлжалланган.

Биринчи 'Макдоналдс' пойтахт Остона шаҳрида барпо этилган, тамаддихонанинг умумий ҳудуди 863 квадрат метрни ташкил этган.

Иккинчи ресторанни 2016 йил давомида очиш режалаштирилгани хабар қилинган.

Қозоғистон расмийлари келгуси 5 йил давомида мамлакатда 15 та 'Макдоналдс' тамаддихонасини қуришга рухсат берганлар.

Қозоғистон иқтисодий фаровонлиги нефт савдосига боғлиқ бўлиб келган.

Охирги йилларда жаҳон бозорида нефт нархининг тушиб кетгани, шунингдек, Россияга нисбатан Ғарб жорий қилган иқтисодий жазо чоралари Қозоғистон аҳволини ҳам мушкуллаштирган.

2015 йил ўрталарига келиб Қозоғистон миллий валютаси танга 54 фоиз қадрсизланди.

Бунинг ортидан Қозоғистон ҳукумати танганинг 'сузиб юрадиган курси'ни жорий этишга мажбур бўлди.

Охирги ойларда жаноб Назарбоев Қозоғистоннинг чет элга қарам бўлмаган, турли соҳаларда ўзини ўзи маҳсулот билан таъминлайдиган бўлишига кўпроқ эътибор қаратмоқда.

2015 йил октябрида Жамбул вилоятида Президент Назарбоев алюминий радиаторлари ишлаб чиқарадиган заводнинг очилиш маросимида иштирок этди.

2016 йил февралида Олма-Ота шаҳридаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари билан савдо қиладиган Carrefour гипермаркетига савдо-сотиқ қилиш учун борган жаноб Назарбоевнинг ўзи билан ҳамёнини бирга олиши ёдидан кўтарилиб қолгани маълум бўлди.

Гипермаркет сотувчиси олдида қилган харидлари ҳақини тўлашга келганида "бирор киши менга қанча бўлса ҳам пул бериб туринглар", дея президентга ҳамроҳлик қилаётганлардан илтимос қилди Президент Назарбоев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon