Толибон ва Кобул бир йўлга тушадими?

Афғонистон, Покистон, Хитой ва АҚШ учрашуви тинчлик йўлига бошлаши ҳали маълум эмас.
Сурат тагсўзи, Афғонистон, Покистон, Хитой ва АҚШ учрашуви тинчлик йўлига бошлаши ҳали маълум эмас.
Published

АҚШ, Хитой ва Покистон мазкур учрашувдан бир мақсадни кўзлашмоқда: Афғонистон ҳукумати ва Толибонни яраштирадиган йўл харитасини чизиб чиқиш.

Ғарбнинг Афғонистонда 10 йилдан узоқ давом этган Толибонга қарши уруши тўлиқ самара бермади ва Афғон ҳукумати ҳозир исёнкорлар билан юзма-юз қолмоқда.

Мамлакат бўйлаб Толибон ҳужумлари тугаётгани йўқ.

Урушдан иш чиқмагач...

АҚШ ҳам ниҳоят ўз ҳарбий амалиётлари иш бермагани боис, энди Толибон билан мулоқотни йўлга қўйишга киришган.

Бу ёқда жаҳонда иқтисодий ва сиёсий таъсири тобора ошаётган улкан қўшни - Хитой ҳам эндиликда Афғонистон можаросига бош суқмоқда.

Аммо Пекин ва Вашингтоннинг куч-қудратига қарамасдан, Афғонистон можаросини Покистон истак-иродасини ҳисобга олмасдан ҳал қилиб бўлмайди.

Хуллас, Покистонда ўтаётган тўрт тарафлама учрашув ҳозир айни муддаодек туюлади.

Лекин Кобул, Исломобод, Вашингтон ва Пекиннинг саъй-ҳаракатларини Толибон ҳали буткул қабул қилмади.

Толиблар Покистондаги айни учрашувга келишмади.

Айрим кузатувчиларга кўра, Толибон ҳаракати ичидаги бўлиниш ва зиддиятлар ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ бир йил олдин ҳам Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида бошланган тинчлик музокаралари чиппакка чиққанди.

Тарқоқ Толибон

Ҳаракатнинг собиқ раҳбари Мулла Умар 2013 йили оламдан ўтгач, айрим Толибон қўмондонлари янги раҳбар Мулла Мансурни тан олмадилар.

Шу асно, қўмондон Мулла Муҳаммад Расул бошчилигида ҳаракатнинг янги қаноти юзага келди.

Бу бўлиниш бир тарафдан Толибонни заифлаштирадиган омил эди.

 АҚШ бошчилигидаги узоқ йиллик уруш ҳам Толибонни маҳв этолмади.
Сурат тагсўзи, АҚШ бошчилигидаги узоқ йиллик уруш ҳам Толибонни маҳв этолмади.

Бошқа томондан, ягона бошқарув ва раҳбарга эга бўлмаган тарқоқ ҳаракат билан музокора олиб бориш ё бирон масалада келишувга бориш Афғонистон ҳукумати учун қийинлашиб кетди.

Шу қаторда, бўлгинчи Толибон қаноти анча кучсиз ва етарли дастак ҳамда захираларга эга эмас, деган фикрлар кучли.

Бироқ расмий Кобул ўз қўшниси Исломободга ишончсизлик билан қарайди.

Афғонистонга кўра, Покистон зимдан Толибон исёнкорларини қўллайди ва Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эмас.

Исёнкорлар истаги

Тўрт давлат Толибонга нима таклиф қилишади ва исёнкорлар уларга қулоқ солишадими, деган савол ҳамон очиқ қолмоқда.

Лекин агар янги музокаралар йўналиши Покистонга маъқул тушса, уни Толибон ҳам қилиши мумкин.

Негаки, Покистоннинг раддияларига қарамасдан, мазкур мамлакат ҳудудида Толибон раҳбарлари фаолият олиб боришади.

Шундай шароитда эса Исломободнинг исёнкорлар устидан таъсирини инкор этиш қийин.

Покистоннинг талабига мувофиқ, Афғонистон ҳукумати аксилпокистон ҳиссиётларини жиловлаши ҳамда Ҳиндистон билан алоқаларини бироз тизгинлаши лозим.

Исломобод талаби қийин бўлса ҳам, афғонлар уни тинглашга мажбур.

Сабаби - расмий Кобул учун ҳозир мамлакат бўйлаб тинчликни таъминлаш ўта муҳим.

Сўнгги пайтларда Толибон кенг кўламли ва йирик ҳужумларни амалга ошира бошлаган.

Ўтган сентябр ойида шимолдаги Қундуз шаҳрини исёнокрлар бир муддат ўз назоратларига олишганди.

Декабрда эса стратегик жиҳатдан муҳим Сангин шаҳридаги полиция ва ҳокимият бинолариини қўлга киритгандилар.

Мамлакатнинг кўплаб вилоятларига амалда Толибон назоратида қолаётган қишлоқлар ва минтақалар ҳамон кўп.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio