Карзай Афғонистон хавфсизлигига ғовми?

Сурат манбаси, af.arg
Ҳамид Карзай Афғонистон хавфсизлигига ғов бўляпти деб ёзади Британиянинг Гардиан рўзномаси.
Мақолада айтилишича Афғонистон Президент саройи ўнгида мамлакатнинг турли бурчакларидан келган қарию ёшлар қатор-қатор бўлиб туришади. Бироқ бу қатор ва ичкаридаги дипломатлару, элчилар жорий Президент қабулига эмас, балки собиқ Президент Карзайни кўришга келишган.
Лавозимидан тўққиз ой аввал кетган Карзаи ҳануз сиёсат саҳнасида ҳозир бўлиб, эндиги кунда унинг сиёсий ишларга аралашиши Афғонистон учун тахдид сифатида кўрилмоқда.
Янги Президент Ашраф Ғани, рўзноманиниг ёзишича иқтисодни юргизиш ваъдаларини бажара олмади, расмийларни муҳим жойларга тайинлаш масаласини ҳам чўзиб юборди, Покистонга ҳам хайрихоҳлик билдириб, сиёсий қалтисликка йўл қўйди.
Март ойида Гардианга интервю берган Карзай тинч туришини ва саҳна ортидан Ғанига маслаҳат беришини таъкидлаган эди. Лекин ҳозирги кунда кўплар бунда шубҳаланмоқда.
Ғарб мамлакатларидан бирининг юқори лавозимдаги дипломатининг Гардианга билдиришича Карзаи Ғани ҳукуматига қарши ишламоқда. Гап шундаки, агарда Ғани ҳукумати қуласа, ўрнига муваққат ҳукумат тайинланиб, Карзай миллат отаси сифатида уни бошқариши мумкин, дейди бу дипломат.
Ўртада сиёсий кураш бошландими?
Ашраф Ғани бундан огоҳ эса-да, ҳозирга қадар Карзаининг сиёсий ўйинларига бир нав чидаб келган. Карзаининг, бояги дипломатнинг айтишича, салмоғи барчадан ҳам улуғроқ.
Карзай билан мунтазам учрашадиган Ғани ёрдамчиларидан ббири ҳам буни тасдиқлайди. "Карзаи, - дейди у, - ҳаммани танийди".
Карзай мухолифат тайёрлаётганини инкор этади.
Бироқ Ғанининг ҳам сабр косаси тўлгандек. Ўтган ой у Карзайнинг ҳудуди Қандаҳорга бориб, у ерда фаолларга: "Энди бундан буён Қандаҳорда параллел ҳукуматлар бўлмайди!" - деб айтган ва ўз вакили Хумоюн Азизини ҳоким қилиб тайинлаган.
Ғани Қандаҳорга келишидан олдин Карзайга яқин генераллардан бири Абдул Розиқ очиқчасига шаҳарни тарк этган. Лекин Ғани Қандаҳорнинг қариялари билан барибир учрашишга муваффақ бўлган.

Орани бузган мавзу
Ғани билан Карзайнинг орасидаги машмашанинг авжи Афғонистон билан Покистон жосуслик агентликлари май ойида битим тузишганига тўғри келди. Кўплаб афғонлар бу битимни ашаддий душманга сотилиш қабилида қабул қилишган деб ёзади Гардиан рўзномаси.
Бу битим Карзайга янги ҳужум учун замина яратиб берди, дейди рўзнома. Бу баҳонада у афкори умумияни қўллаб, Ҳиндистон, Хитой ва Россия билан алоқаларини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.
Ғани эса Карзайнинг иттифоқдошларини мамлакат ўлароқ, ҳамда шахслар сифатида чекага сура бошлади. Жумладан, собиқ вице-Президент Юсуф Қонуний ва жосуслик хизматининг бошлиғи Раҳматуллоҳ Набиллар ишдан олинди.
"Карзайнинг ўйлашича, Ғани усиз ҳокимиятга келолмасди", - дейди Ғарб дипломатларидан бири.
Оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Сиёсий таҳлилчи Ҳорун Мирнинг айтишича, Ғани Толиблар билан музокарага киришмоқчи бўлган бир пайт бу каби ички талаш ёмон натижаларга олиб келиши мумкин.
Гардианнинг ёзишича, Карзай ўзини ҳозирги нўноқ ҳукуматга ягона муқобил сифатида қўймоқда.
"Карзай кўпгина ўйинларни билади, булардан бири Лойа Жирға" - дейди Ғани ёрдамчиларидан бири. Маълумки Лойа Жирға конституцияни ҳам ўзгартириши мумкин ва Карзайни яна ҳокимиятга кўтариши мумкин.
Ҳорун Мирнинг Гардианга айтишича "Карзай Афғонистоннинг ягона маълуму машҳур сиёсий раҳбаридир. У миллий раҳбар бўлиш учун барча унсурларга эга. Маблағ, сиёсий дастак, муҳим инсонлар билан таниш-билишчилик. Агарда инқироз бўлса у ягона миллий раҳбар сифатида ўртага чиқади", - дейди Гардиан рўзномасига Ҳорун Мир.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio































