"Роҳат Алиевнинг ўз жонига қасд қилиши шубҳали"

Алиевнинг ҳимоячилари мижозлари ўзини ўлдирганини шубҳа остига олишмоқда.
Сурат тагсўзи, Алиевнинг ҳимоячилари мижозлари ўзини ўлдирганини шубҳа остига олишмоқда.
    • Author, Иоханнес Делл
    • Role, Би-би-си муҳаррири
  • Published

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиев жасади Австрия пойтахти Венадаги қамоқхона ҳужрасидан топилган.

Жазони ижро этиш муассасаси вакилларига кўра, Роҳат Алиев ўлимининг дастлабки сабаби деб ўз жонига қасд кўрилмоқда.

Австрия қамоқхонаси расмийлари билдиришича, Роҳат Алиев эрта тонгда ўзининг камерасидаги ваннада осилган ҳолда топилган.

У бундан олдин алоҳида хонага ўтказилган ва ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги кутилмаган бўлган.

Расмийларга кўра, Алиевнинг хонаси доимий равишда текшириб турилган, бироқ кир ювиш хонаси камерадан узоқроқ масофадан кўринмаган.

Жаноб Алиев ўтган июн ойидан бери Австрия қамоқхонасида сақланаётган ва 2007 йилда ўзи ҳиссадор бўлган Қозоғистоннинг "Нурбанк"и икки менежери ўлими бўйича маҳкамани кутаётган эди.

Прокурорларнинг айтишича, менежерлар ўғирланган, қийноқларга солинган ва сўнгра акциялар ва бойликларга эгалик қилиш мақсадида ўлдирилган. Уларнинг жасадлари 2011 йилда тоғ ён-бағридаги ялангликда, бочканинг ичидан топилган.

Алиев ўзининг айбсизлигини билдириб, Қозоғистоннинг узоқ йиллик президенти Нурсултон Назарбоевга мурожаатидан сўнг уни таъқиб қила бошлаганларини таъкидлаган, ишнинг сиёсий мазмундалигини айтган.

Собиқ элчи Қозоғистон маҳкамаси томонидан қотиллик ва товламачилик бўйича сиртдан судланган.

Бироқ Вена прокуратураси Вена ҳукумати Қозоғистоннинг Алиевни депортация қилиш сўровига мамлакатдаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият боис рад жавобини бериши орқасидан ишни ўрганишни ўз зиммасига олган.

Айни пайтда Алиевнинг ҳимоячилари мижозлари ўз жонига қасд қилганини шубҳа остига олишмоқда.

"Менда етарли шубҳа бор, деган ҳимоячи Клаус Айнетдер Австрия ахборот агентлигига. "Мен у билан кеча учрашгандим. Унда ўзини ўлдириш нияти борлигини акс эттирган ҳеч нарса йўқ эди". "Биз ишонамизки, бу ўлимга нима сабаб бўлгани чуқур ўрганиб, тафсилотлари ойдинлаштирилади", деб қайд этган ҳимоячи.

Алиев ўзига таҳдид қилганликда айблаган собиқ камерадошларига нисбатан бугун режаланган маҳкама эшитувида қатнашиши керак бўлган.

Айбловга кўра, камерадоши Алиевдан 3000 евро талаб қилган, агар тўламаса, ҳожатхонада унга нисбатан ўзини ўлдирганга ўхшаш қотиллик содир этишлари билан таҳдид қилган.

Бу ҳодисадан сўнг Алиев якка камерага кўчирилган.

Авсриядаги текширувлар 2011 йилдан бери давом этаётган, бир нечта гувохлар Алиев жиноий иши бўйича сўроқ қилинган.

Алиев Назарбоевнинг кизидан ажрашгандан сунг ўз номини Шероз деб ўзгартиради.

У оммавий ахборот воситаларининг доимий эътибори бўлган ва Австриянинг энг таниқли юристлари унинг ишига аралашганлари айтилади.

Австрия ҳукумати ўтказган текширувлар Қозоғистон махсус хизматлари Венадаги маҳкама ишига таъсир қилишга уринганларини кўрсатган.

Қозоғистондаги қотиллик бўйича маҳкама апрелда ўтиши керак бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02