АҚШ афғон маҳбусларининг озод этилишидан таассуф билдирди

Маҳбусларнинг озод этилиши АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги танглик манзарасида юз бермоқда
Сурат тагсўзи, Маҳбусларнинг озод этилиши АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги танглик манзарасида юз бермоқда
Published

Афғонистоннинг қаттиқ қўриқланувчи Багром ҳибсхонасидан 65 тутқун озод этилишини АҚШ “ўта таассуфли”дея қоралаган.

Кобулдаги АҚШ элчихонасига кўра, озод этилганларнинг баъзилари оддий афғонлар, афғон ва иттифоқ қўшинлари ўлими учун масъул жиноятчилардир.

Багром устидан ўтган йили назоратни ўз қўлига олган расмий Кобул тутқунларнинг жиноят содир этганига етарли далиллар йўқлигини айтган.

Президент Ҳомид Карзай ҳибсхонани “Толибон ишлаб чиқарувчи корхона” дея тасвирлаган.

“Ҳисобга олинмади”

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Девид Лойннинг хабар қилишича, маҳбуслар пайшанба тонгида олти-етти кишилик гуруҳлар тарзида қамоқхона дарвозаларидан чиқиб келганлар.

Уларнинг баъзилари Кобулдан 28 чақирим узоқликда жойлашган ва ҳозирда Парвон ҳибсхонаси деб аталувчи қамоқхонадан кулиб ва жилмайиб чиқиб келганлар, сўнгра автобус ва таксиларга ўтириб кетганлар.

Мухбиримиз АҚШ кучлари Логар вилоятида америкалик аскарни нобуд қилган амалиётга масъул Толибон қўмондони деб айблаган Нурулло номли собиқ маҳбус билан суҳбатлашган.

Март ойида қўлга олинганидан бери илк марта эркинликда қаҳвахонада таом еяр экан, Нурулло айбларни рад қилган, ва қурувчи бўлиб ишлаб келганини айтган.

Ўз баёнотида АҚШ элчихонаси: “Афғонистон ҳукуматининг Парвон ҳибсхонасидан 65 маҳбусни озод қилиш қарори ўта таассуфли”, деб айтди.

Унда ёзилишича: “Биз ҳар бир тутқун иши синчковлик билан қайта кўриб чиқилишини сўрадик. Лекин, уларга қарши йиғилган далил-исбот жиддий тарзда ҳисобга олинмади”.

Вашингтонга кўра, озод этилган тутқунлардан бири афғон қўшинларига қарши ҳужум даврида яраланиши ортидан қўлга олинганди.

Бошқалари эса, даъво қилинишича, милтиқ, автоматик қуроллар, гранатамётлар ва бомба тайёрловчи мосламаларга эга бўлганликлари учун ҳибсга олинганлар.

Элчихонанинг билдиришича, “Афғон ҳукумати бу қарорининг оқибатлари учун масъул бўлади”.

“Биз озод қилинганлар яна зўравонлик ва террорга қўл урмасликларини таъминлаш, агар қўл урсалар, зудлик билан маҳкамага тортилишига ундаймиз”, дейилади баёнотда.

Совуқ муносабатлар

Мухбиримизга кўра, тутқунларнинг қўйиб юборилиши Афғонистон ва АҚШ кучлари ўртасидаги муносабатларнинг янада совуқлашганига ишорадир.

Унинг айтишича, мазкур қарор сиёсий бўлиб, уни Президент Карзайнинг шахсан ўзи қабул қилган.

Ғарб қўшинлари қўлга олган асосан Толибон ва бошқа исёнчиларни сақлаб келган турма қатор инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларининг саҳнаси бўлган.

Би-би-сининг мухбири Ялда Ҳакимга яқинда турмани бориб кўришга изн берилган.

Унинг айтишича, бошқа афғон қамоқхоналари билан қиёсланса, Парвон ўта замонавий шароитларга эга қамоқхонадир, лекин баъзи тутқунлар йиллаб маҳкамасиз ушлаб турилибди.

Маҳбуслардан бири 16 ёшли Муҳибулло Ҳелмандда деҳқон бўлгани ва ўзига қарши қандай далил-исбот борлигидан хабардор этилмаганини айтган.

“Ҳеч ким биз ҳақимизда суриштирмайди. Бир йилдирки онамдан, отамдан йироқда ушлаб турилибман. Нима учун? Сабаби нима?” – деб сўрайди у.

Сафари ортидан мухбиримиз Президент Карзай билан суҳбатлашганида, президент унга мазкур қамоқхона “бегуноҳ одамларни ўз ватани ва ҳукуматига қарши қилиб қўядиган Толибон ишлаб чиқарувчи корхона” дея тасвирлаган.

“Бу қамоқхонанинг мавжуд эканининг ўзи афғон конституцияси, барча афғон қонунлари ва бу мамлакатнинг суверенитетига қарши амалдир,” – деб айтган у.

Жаноб Карзай озод этилганларнинг қўли қонга ботган деган АҚШ иддаоларини рад этди.

“Улар ҳар доим шундай дейишади. Бўлмаса қандай қилиб кимнидир тутқунликда ушлаб туришлари мумкин? Бизнинг адлия идораларимиз, бош қораловчимиз, ва хавфсизлик хизматимизда бу маҳбусларга қарши ҳеч қандай исбот йўқ,” – деди у.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига биноан, АҚШ бошчилигидаги халқаро қўшинлар хавфсизлик ваколатларини 2014 йил охиригача бутунлай афғон кучлари қўлига топшириб, мамлакатдан чиқиб кетишади.

Аммо, Президент Карзай қўшинлар чиқиб кетишини аниқлаб берувчи якуний келишувга имзо чекмаган.

Агар Вашингтон билан тузилган Хавфсизлик ва Мудофаа Ҳамкорлиги келишувига имзо чекилса, 10 минг АҚШ аскарлари яна бир неча йилга Афғонистонда қолишлари мумкин.