АҚШ ва Тожикистон НАТО ҳарбий базаси масаласини муҳокама қилгани йўқ

Душанбедаги АҚШ элчихонаси матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, Оқ Уй Душанбе расмийлари билан НАТО ҳарбий базасини Тожикистонга жойлаштириш масаласини муҳокама қилгани йўқ.
Америкалик дипломатлар баёноти АҚШ пиёда кучлари Марказий қўмондонлигининг бошлиғи генерал-лейтенант Винсент Брукснинг Тожикистонга сафари ортидан янгради.
Россиянинг қатор оммавий ахборот воситалари ҳарбий-дипломатик манбаларга таяниб Душанбеда АҚШ юқори ҳарбий мулозими билан Тожикистонда НАТО ҳарбий базасини яратиш масаласи муҳокама этилаётгани ҳақида хабар қилганди.
Бироқ Вашингтон ва Душенбе Тожикистонда АҚШ ҳарбий кучларини жойлаштириш масаласида мулоқотлар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этишди.
АҚШ пиёда кучлари Марказий қўмондонлигининг бошлиғи Винсент Брукс шу ҳафта бошида Тожикистонга сафар қилганди. У Тожикистон билан танишиш мақсадида Душенбега борганди, дея хабар беришади америкалик дипломатлар.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан хабар қилишларича, Винсент Брукс на Президент Имомали Раҳмон билан ва на Ташқи ишлар вазири билан учрашган.
Генерал-лейтинант Брукс июн ойида Америка пиёда кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи этиб тайинланган эди.
Ироқ ва Афғонистондаги амалиётлар ушбу Марказий қўмондонлигига топширилган.
Ҳозирда Тожикистонда Россия ҳарбий базаси мавжуд. Ушбу база Россиянинг хорижий давлатлар ҳудудидаги энг йирик ҳарбий базаси ҳисобланади.
Россия ҳарбийларининг Тожикистонда қолиш муддати 2014 йила охирига етади ва икки мамлакат ҳарбий базани узайтириш масаласида ҳозирга қадар бир тўхтамга келмаган.




























