Наманганга 150 дан ортиқ меҳнат муҳожирининг жасади олиб келинган

Ўзбек матбуотига кўра, биргина Наманган шаҳар аэропортига сўнгги йилларда 150дан ортиқ меҳнат муҳожирининг жасадлари олиб келинган.
Рус тилида чиқадиган "Новый Век" ҳафталигида чоп этилган мақолада маълумотлар айнан қайси йилларни қамраб олиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Аммо мақола муаллифига кўра, бу биргина учоқда олиб келинган жасадлар, бошқа йўллар билан қанча жасаднинг олиб келингани номаълум.
Мақолада ушбу рақамнинг манбаъси кўрсатилмаган, аммо муаллиф наманганлик меҳнат муҳожирларининг сонига доир қатор рақамларни ҳам келтиради.
Унга кўра, Россияда 34625, Қозоғистонда 7100, Корея, Туркия ва бошқа давлатларда 100дан ортиқ наманганлик меҳнат муҳожирлари бор.
Мақолада республика бўйича меҳнат муҳожирлари ёки уларнинг ўлимига доир ҳеч қандай рақам келтирилмаган.
Аммо унда меҳнат муҳожирлиги муаммосига ўзбек матбуотидаги бошқа чиқишлардан фарқли ёндошувни кузатиш мумкин.
Муаллиф "Уларни бундай қадамга ундаган нарса нима?" деган саволни қўяди ва унга "пул топиш ва муносиб ҳаёт кечириш" дея жавоб беради.
"Ҳамма қийинчилик ва хавфларга қарамай, Россияда "ҳар доим ишчи кучига эҳтиёж бор"лигини таъкидлаган нашр Ўзбекистонда ҳам иш ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани, аммо "ҳамма нарса кўнгилдагидек эмас"лигини ёзади.
Мақолада меҳнат муҳожирларининг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссалари ҳам эътироф этилган.
"Муҳожирлик сабаб хориж валютасида улкан маблағларни ўтказувчи "баксқувур" йўлга қўйилган. Жумладан, ўтган бир йил мобайнида тижорий банклардан фақат биттасининг вилоят бўлими фуқароларга 59-65 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ўтказмаларни берган. Бу валюталар-иқтисодимиз учун яхши мадад", деб ёзади муаллиф.
'Ўзинг учун ўл етим!'
Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларининг ўлимига доир рақамлар ошкор этилмайди.
Ўтган ҳафта Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари гуруҳи шу йил бошидан 12 февралигача Хоразмга Россиядан 4 нафар меҳнат муҳожирининг жасадлари келтирилгани ҳақида хабар тарқатган.
Хабарда айтилишича, охирги ҳодисалардан бирида 9 феврал куни 26 ёшли Ҳабибулла Султонов Москва вилоятида юз берган йўл фалокатида нобуд бўлган.
Ҳабибулла Султонов Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидан бўлган.
У 2009 йилда пул топиш илинжида Москвага йўл олган ва ўлимига қадар Москва вилоятининг турли туманларида ишлаб келган.
Ҳабибулла ўлимига қадар оиласига 800 доллар жўната олган,холос.
Унинг ўлими қандай юз бергани борасида "Нажот" тафсилотларга эга эмас.
Ўзга юртларда ўлим топаётган ўзбекистонликларнинг ўлим ҳолатларини расмийлаштириш ва жасадларини ватанларига олиб келиш сингари юклар асосан уларнинг яқинлари ва ёнма-ён ишлаётганлар зиммасига тушади.
Меҳнат муҳожирлиги муаммосини ўрганиб келаётган мустақил Эксперт-Ишчи Гуруҳи таҳлил марказига кўра, меҳнат муҳожирларининг ўлимига доир маълумотларнинг биронтаси ҳам тўлиқ эмас.
"Бу борада на расмий ва на норасмий маълумот ҳозирча ҳеч кимда йўқ", дейди гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов.
Унинг сўзларига кўра, Россияда вафот этаётган фуқароларнинг яқинлари биринчи навбатда ўлим ҳолатини қайд этиш билан боғлиқ муаммога дуч келадилар.
Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликлари ўз фуқароларининг ўлимини қайд этмайди.
"Натижада фуқаролар жасадни ватанига олиб келиш, ўлган шахснинг мерос масаласи ёки агар ўлим зўравонлик билан содир этилган бўлса, ўша давлатнинг тегишли идоралари иштирокида текширувлар ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар", дейди Суҳроб Исмоилов.
Унинг фикрича, давлат ўзининг қанча фуқароси чет элларга ишлаш учун кетганини билмайди ва кўпинча, йиллаб хорижга тирикчилик учун кетган фуқароларнинг маҳаллаларда рўйхатда турганлик фактлари бор.
Кузатувчиларнинг фикрларича, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар меҳнат муҳожирлиги муаммосини расмий даражада тан олмай келади.
Буни эътироф этиш ҳукуматнинг иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигига доир статистикаларини шубҳа остида қолдириши мумкин, дейишади таҳлилчилар.





























