Металларнинг қимматбаҳосидан кўра ноёби анқонинг уруғига айланмоқда.

Ноёб ер элементларининг замонавий саноатдаги ўрни ўта муҳим.
Сурат тагсўзи, Ноёб ер элементларининг замонавий саноатдаги ўрни ўта муҳим.
Published

Нодир ер эелементлари, деб ҳам юритилувчи ноёб металларнинг донғи олтин ёда олмос каби қимматбаҳо қазилмалардек эмасдир, лекин замонавий технологияларда ишлатилувчи бу каби металлар экспорти камайгани АҚШ ва Оврўпо давлатлари иқтисодларига жиддий зарар етказиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мобил телефонлардан тортиб, комьпютер, тиббий ускуналар ва яна қатор биз ҳозирги ҳаётимизни уларсиз тасаввур ҳам қила олмайдиган ашёларда ишлатилувчи бу каби металларнинг 90 фоизи ҳозирда Хитой томонидан ишлаб чиқарилади.

Эндиликда Хитой атроф муҳитга етказилаётган зарарни камайтириш ва ўз ички бозорида ишлатиш мақсадида нодир ер элементлари экспортини камайтирмоқда.

1980 йилларгача нодир элементларни ишлаб чиқаришда АҚШ етакчи эди. Кейинчалик бозорга Хитой кириб келди ва деярли мутлақ эгаллаб олди.

90- йиллар бошларида Хитой раҳбари Ден Сяопин "Арабларда нефт бор, бизда эса нодир ер элементлари", дея кўксига урган эди ҳам.

Хитой ноёб металларининг асосий харидори бўлган Япония ва юқори технологиялар ишлаб чиқарувчи ғарб давлатлари эндиликда ўзларини қаерга уришни билмай турибдилар.

Ноёб ер элементлари Марказий Осиёда борми?

Британиянинг Лидс Университети профессори Анимеш Жаҳга кўра, Қозоғистон томони ундан титан таркибида ноёб ер элементлари борми-йўқлигини аниқлаб беришни сўраган.

Тадқиқотлар натижасида Қозиғистон титанида баъзи нодир ер элементлари борлиги аниқланган.

"Балким бу элементлар энг яхшилари эмасдир, лекин улар ҳар томонлама геологик тадқиқотлар ўтказишса, балкиа яхшиларини ҳам топишлари мумкиндир. Қозоғистон нодир ер элементлари маскани бўлиши эҳтимоли бор, чунки уларда уран ва бошқа қазилмалар анчагина", дейди профессор Анимеш Жаҳ.

Марказий Осиё Минтақасида ноёб ер элементлари борлиги аниқланган тақдирда ҳам уларни қазиб чиқариб, жаҳон бозорларига олиб чиқиш учун қанча вақт талаб қилинади?

Профессор Жаҳга кўра, Марказий Осиё сиёсий жиҳатдан анчайин беқарор ҳудуд бўлгани туфайли бу каби жараён у қадар ҳам тез рўй бермаслиги мукмин. Лекин ҳукуматлар ва лойиҳада иштирок этишни истаган ширкатлар ўртасида ўзаро тушунин ва мувофиқликка эришилса жараён анчаин тезроқ кечиши мумкин.

Аммо иқтисодчилар ноёб ер элементлари хом ашёсини сотгандан кўра, тўлиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш анчайин фойдалироқ эканлигини айтадилар.