Марказий Осиё: Хитойликлар туфайли Қирғизистонда эшаклар камайиб кетмоқда

Ослы
    • Author, Наргиза Рисқулова
    • Role, Би-би-си, Бишкек
  • Published

Сўнгги беш йил ичида Қирғизистондаги эшаклар сони икки баробар камайиб кетди, яна бир неча йилдан кейин эса мамлакатдаги бу жониворлар умуман йўқолиб кетиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда хорижий экологлар. Эшак - аҳолининг 70 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи бу мамлакат деҳқонларининг асосий транспорт воситаси ҳисобланади. Бироқ Қирғизистонда эшаклар тақдири борасида ҳозирча етарли қайғурилмаяпти.

"Олдинлари деярли ҳар бир хўжаликда эшак бўларди. Қишлоқларда эшаклар сони 60-70 тани ташкил қиларди. Ҳозир қолган бўлса, беш-олти эшакни учратиш мумкин. Одамлар ўғирлаб кетмасин, деб эшакларини молхоналарга беркитиб қўймоқда," дейди Қирғизистоннинг шимоли-шарқида жойлашган Оқ-терак қишлоғидан Анорбой Қодиров.

Ҳукумат берган маълумотларга кўра, 2012 йилда мамлакатда 77 минг бош эшак бўлган бўлса, 2017 йилга келиб, уларнинг сони 33 мингтага тушиб қолган. Жорий йилнинг биргина етти ойи ичида Қирғизистондан 17 минг бош эшак олиб чиқиб кетилган.

Эшакларнинг асосий «харидори» Хитойдир. Хитойликлар эшак терисини эцзяо желатини тайёрлашга ишлатади. Анъанавий хитой тиббиётида бу желатин билан камқонлик ва саратон хасталиклари даволанган, ҳозирда эса у косметика, озиқ-овқат саноати ва қандолат маҳсулотларига қўшилади.

Хитойда уни «ҳаёт» ёки "ёшлик эликсири" сифатида реклама қиладилар. Хитой табибларининг иддао қилишича, бу эликсир қон айланишини яхшилайди, бола тушиб қолиши олдини олади ва тери қаришини секинлаштиради. Алибаба интернет-дўконида эцзяо асосида тайёрланган маҳсулотлар нархи $2000 га қадар етиши мумкин.

Хитойнинг Соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитаси эцзяонинг фойдали хусусиятлари бўрттириб юборилгани ҳақида огоҳлантиришига қарамай, эшак терисини қайта ишлаш соҳаси фақат гуллаб-яшнамоқда - Хитойнинг ўзида йилига 4 миллион эшак эцзяо тайёрлаш учун сўйилади. Расмий маълумотлар мамлакатдаги эшаклар сони 1990 йилдаги 11 миллиондан 2017 йилда 3 миллионга тушиб қолган.

Узоқ йиллар давомида эшаклар Хитойга Африкадан олиб келинган, аммо бу қитъадаги камида етти мамлакат жониворларнинг хорижга сотилишини тақиқлаб қўйгандан сўнг хитойлик тадбиркорлар эътиборини Марказий Осиёга қарата бошлаган.

Эшак қидириб…

Хитой ва Қирғизистон ўртасида эшакларни экспорт қилиш бўйича 2008 йилда имзоланган шартнома мавжуд. Бироқ расмий экспортдан ташқари бу жониворлар билан ноқонуний савдо ҳам авж олган.

«Ўтган баҳор эшагимиз йўқолиб қолди. Аввалига бўшаб кетиб, қочган бўлса керак, деб ўйладик ва қўшниларникига излаб чиқдик. Билсак, бир қўшнининг эшаги ҳам йўқолиб қолибди. Кейин учинчи, тўртинчи қўшнининг эшаги ҳам ғойиб бўлди. Шундай қилиб, бирданига тўрт эшак йўқолди - уларни тўғри молхонадан ўғирлаб кетишди,» дейди Ўш вилоятидаги Ўттиз адир қишлоғидан Одилбек Қудайбердиев.

Қудайбердиевлар оиласи эшак билан ер ҳайдаб келар эди. Айни уруғ сепиш даврида эшакнинг йўқолиб қолиши оилани мушкул аҳволга солиб қўйди.

Одилбек эшаги йўқолганидан арз қилиб, милицияга боради, аммо у ерда унинг устидан куладилар ва эшаклар ҳамда итларнинг ўғирланиши бўйича арзлар кўриб чиқилмаслигини айтадилар.

Нархи 60 минг сом ($865)дан бошланувчи отлар билан солиштирганда эшаклар анча арзон ($43-144) баҳоланади ва улар йўқолиб қолганда, деярли ҳеч ким эътибор қилмайди.

"Мен милициядагиларга эшак бизнинг асосий транспорт воситамиз ва хўжаликдаги дастёримиз эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Кейин чорасизликдан ҳаммасига қўл силтадимда, кетвордим," чуқур хўрсинади Одилбек.

Ак-Терек
Сурат тагсўзи, Оқ терек қишлоғида эшак деярли қолмаган

Оқ-тереклик Анорбой Қодировнинг эшагини ҳам ўғирлаб кетишган. Бироқ у эшагини топган - фақат териси шилинган ҳолда. Анорбой ўша ой қишлоқда ўнга яқин эшак сўйиб кетилганини айтади.

Эшаклар ўғирланиши бўйича кўпчилик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмаса ҳам, милиция бу иш билан шуғулланиб келади: Ўш вилояти ички ишлар бўлимининг хабар беришича, ўтган йил давомида жониворларнинг йўқолиб қолгани борасидаги юзга яқин ҳолатлар ўрганиб чиқилган. Милиция, эшак ўғрилари жониворларни Хитой фирмаларига сотганини айтади.

Милициянинг маълум қилишича, жорий йилда эшак йўқолиши юзасидан атиги учта шикоят келиб тушган. Бу жониворлар олди-сотдиси бўйича янги тартиб-қоидалар кучга киргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хитой компаниялари эндиликда эшакларни фақат тирик ҳолда сотиб олмоқда ва олди-сотди шартномаси тузилиши учун жониворнинг эгаси билан бирга туширилган сурати бўлиши талаб қилинади.

Ҳозирда хитойлик тадбиркорларга қарашли фермалар деворида ўғирланган эшаклар қабул қилинмаслиги борасидаги огоҳлантиришларни кўриш мумкин. Қирғизистондаги эшакларнинг асосий экспортчиси ҳисобланмиш хитойликларгақарашли Монблан Трейд компаниясининг Мади қишлоғидаги фермасига Би-би-си мухбири киритилмади: ферма ходимлари раҳбарият журналистлар билан алоқа қилишни истамаслигини маълум қилдилар.

Объявление на заборе ослиной фермы
Сурат тагсўзи, Ўғирланган эшакларни сотиш кўпайганидан кейин олди-сотди талаблари кучайтирилди

Олдинроқ маҳаллий матбуотда чиққан компания раҳбарияти билан интервьюда эшак бизнеси қонуний асосда олиб борилиши ва жониворлар мамлакатдан фақат тирик ҳолда олиб чиқиб кетилиши таъкидланган эди. Бироқ 2015 йили журналистлар пойтахт Бишкек яқинида эшаклар қушхонасини аниқлаган эдилар. Маҳаллий аҳоли териси шилиб олинган эшаклар гўшти кафе-ресторанларга топширилгани ҳақида тарқаган миш-мишлардан ғазабга минган эди. Бироқ давлат инспекторлари кафеларда эшак гўшти ишлатилганига оид далиллар топа олмаган.

Ўтган йили Ўш вилоятида фаолият юритувчи Ийгилик компанияси божхонада ҳужжатлардан топилган камчилик туфайли 300 бош эшакни Хитойга олиб чиқа олмаган ва ортга қайтишда жониворларнинг бари нобуд бўлган эди. Ўшанда эшакларнинг жасадлари яқин қишлоқлардан бирига шунчаки ташлаб кетилган.

Британияда жойлашган Donkey Charity нотижорат ташкилоти Африкада юз берган ўхшаш ҳолатлар ортидан касалликлар тарқалиш хавфи кескин ортганини таъкидлайди.

«Аксар ҳолларда эшаклар фермаси фермерларнинг ўзига даромад келтирмайди. Қайтанга, хўжалик дастёрларининг қирилиб кетгани қолади ва эпидемия хавфи кучаяди. Шу сабабдан кўп давлатлар эшак экспортига тақиқ қўйган,» дейди Donkey Charity ташкилоти бош мутахассиси ва тадқиқотчиси Алекс Мейерс.

Мавжуд бўлмаган муаммо

Қирғиз расмийлари ривожланаётган мамлакат учун эшак экспорти яхши фойда келтиришини даъво қилади. Мамлакат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларда 2018 йилнинг етти ойи давомида деярли икки миллион долларга тенг эшак ва от экспорт қилинганини кўриш мумкин.

«17 минг бош эшак сотдик. Мана экспорт ниманинг ҳисобига ўсмоқда. Сиз яна қандайдир руда ҳақида гапирасиз,» дея мақтанган эди ўтган ой Жўгорку Кенеш депутати Рискелди Момбеков. Унинг сўзларини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қаттиқ кулгига олганлар.

Анарбай Кадыров
Сурат тагсўзи, Анорбой Қодировнинг эшагини қулфланган оғилхонасидан ўғирлаб кетишган

Қирғизистонда эшакларнинг йўқолиб бораётгани масаласига расмийларҳафсаласизлик билан қарамоқда: Табиатни асраш давлат агентлиги бу иш билан шуғулланмаслигини маълум қилган, ҳукумат аппаратига мурожаат қилган Би-би-би мухбирига эса ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекция билан боғланиш тавсия қилинган.

Инспекция, ўз навбатида, ҳайвонларни муҳофаза қилиш уларнинг ваколатига кирмаслигини маълум қилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига боришни маслаҳат берган. Вазирликдагилар яна инспекцияга учрашиш зарурлигини айтган.

«Асосий муаммо - санитария ҳолати бузилишида, аммо барча ҳужжатларни тахт қилган ҳолда ҳайвонлар мамлакатдан тирик олиб чиқилса, унда ҳеч қандай муаммо қолмайди,» дейди ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекцияси бош инспектори Жонибек Мукамбетов Би-би-си билан суҳбатда.

Эриб бораётган музликлардан тортиб қор барсларининг йўқолиб кетишига қадар бўлган бошқа муаммолар билан банд қирғиз экологлари эшаклар камайиб кетиши масаласига жиддий муносабат билдирмаяпти.

Мамлакатдаги машҳур экологлар Эмил Шукуров ва Марс Омоналиев,ҳатто, ушбу муаммо ҳақида олдин эшитмаганлликларни айтадилар.

«Бизда эшаклар йўқолиб кетяптими? Бу ҳақида олдин ҳеч эшитмаган эканман. Менимча, бу қишлоқ хўжалигидагилар шуғулланиши керак бўлган муаммо,» дейди Шукуров Би-би-сига.

Минтақа учун таҳдид

Хитойда маҳаллий эшак сонини кўпайтириб, эшак импортига қарамликни енгиллатишга умид қилинмоқда.

Бироқ экологлар, эшаклар ҳомилани узоқ вақт кўтариб юриши ҳисобга олинса, бундай режани амалга ошириш учун кўп йиллар талаб қилинишидан огоҳлантиради.

Ослы
Сурат тагсўзи, Бутун Марказий Осиёдаги эшаклар хавф остида, дея огоҳлантиради британиялик экологлар

«Эшаклар сони бундай кескин камайиб кетаверса, икки ё уч йил ичида Қирғизистонда эшак қолмаса керак,» тахмин қилади Алекс Мейерс.

Қишлоқ хўжалигида зарур бўлган эшаклар камайиб кетиши кучайгандан сўнг қирғизлар Тожикистондан эшак олиб киришни бошлади, қайд қилади Donkey Charity ташкилоти.

"Бу жуда хавотирланарли ҳолат. Эшакларни ҳеч қандай ветеринария текширувларисиз чегарадан осонгина олиб кириш мумкин. Бу касалликлар ҳам Қирғизистонга осонгина кириб келиши мумкинлигини англатади," огоҳлантиради жаноб Мейерс.

Эшакларнинг камайиб кетишидан, биринчи навбатда, қишлоқ жойлардаги даромади паст аҳоли қатлами зарар кўради. Улар учун 20-30 йил беминнат хизмат қилувчи эшакнинг қадри юқори, таъкидлайди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

***