Қирғизистон: "Аҳмадия" Чубак Ҳожидан норози

Сурат манбаси, Youtube
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист
- Published
Қирғизистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ раҳбари Чубак Ҳожи Жалилов "Аҳмадия" оқими тарафдорлари ҳақида айтган сўзлари юзасидан Ўш милициясига чақиртирилган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ушбу хабарни тасдиқлаган, собиқ муфтий теологик экспертизанинг натижаси билан танишиш учун чақиртирилаётгани маълум қилган.
Ўтган йил охирида Ўшда "Аҳмадия" диний оқимининг бир аъзоси ўлдирилиб кетилган эди. Воқеадан кейин марҳумнинг яқинлари Чубак Ҳожи Жалиловни мазкур оқимни очиқдан-очиқ қоралаб, диний адоватни қўзғади, дея ҳуқуқ-тартибот идорасига арз қилган. Собиқ муфтий эса "Аҳмадия"ларни "мусулмон эмас" жамоат сифатида таърифлаган, бироқ ўзига нисбатан айтилаётган даъволарни инкор қилган.
"Аҳмадия" оқимининг вакиллари Чубак Ҳожи Жалилов устидан ёзган аризаси юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Тергов бўлими бошқармасининг Ўшдаги ҳудудий бўлими текширув олиб бормоқда. Собиқ муфтийнинг ҳимоячиси Ақин Тўқталиев айтишича, Чубак Ҳожининг Ўшга қачон бориши аниқ эмас.
"Унга Ўшга терговга келсин деб, 5 августда чақирув қоғози келган. Энди бу унинг ҳар куни айтиб юрадиган гапи-да. У ўз фикрини эркин айтаяпти-да. Дин комиссияси, бу экстремистик сўз, деб хулоса чиқарибди. Унинг гапларини барчаси экстремистик бўлаверадими? Биз Ўшга борганимиз йўқ, бирга борамиз. Терговчи соат 10 га келинглар, деб ёзибди, бироқ санасини кўрсатмабди. Бишкекдан Ўшга чақирмасдан, бу ерга чақирса ҳам бўларди" - дейди ҳимоячи.
Мазкур ҳолат юзасидан Чубак Ҳожи Жалиловнинг ўзи билан боғланишнинг имкони бўлмади. У, Интернетда жойлаштирилган маърузасида "Аҳмадий"ларни "мусулмон эмас" жамоат сифатлаган.
Ўтган йили охирларида Ўшнинг Қорасув туманидаги "Қашқар қишлоқ"да яшаган 37 ёшли Юнусжон Абдужалилов ўз уйи ёнида отиб кетилган эди. Марҳум "Аҳмадия" оқимининг аъзоси экани, унга диний келишмовчилик сабаб суиқасд қилингани айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўш ва Жалолободда ўтказилган махсус амалиётларда, қурол-яроғ, катта миқдордаги ўқ-дори билан саккиз одам қўлга олинган. Уларнинг баъзилари Сурияда тайёргарликдан ўтиб келган, дея хабар қилинган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг маълум қилишича, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси теологик экспертиза ўтказган ва унда "диний адоватни қўзғашга даъват қилинган", дея хулоса чиқарилган.
"Ўша экспертиза хулосаси билан ўзи танишиб чиқиб, унга маъқул ёки маъқул эмаслигини билайлик, деб чақиртирилган холос. Агар у хулосага норози бўлса, унда яна ҳам кўпроқ, тажрибали экспертларни чақириб, комиссия гуруҳи тузилади ва хулоса қайтадан ўрганилиб чиқилади. У ҳозир фақат шунинг учунгина чақиртирилмоқда. Ундан бошқа нарса йўқ. Унинг айтганларида шундай даъват борми ёки йўқми, экспертиза тайёрланган" - дея изоҳлайди Бақит Сейитов.
Сўнгги пайтларда собиқ муфтий Чубак Ҳожи Жалилов исми тилга олинган, жамиятда баҳсли фикрларни пайдо қилган мунозарали воқеалар юз бермоқда. Дин масалалари бўйича мутахассис Нурлан Исмаилов фикрича, давлат Жалилов каби таъсирли диний олимлардан фойдалана олиши муҳим.
"Давлат шундай кишиларнинг иш-ҳаракатлари, йўналишини, энергиясини тўғри фойдаланишга ҳаракат қилиши керак. Экстремизм, Сурияга кетаётганларни тўхтатиш, динлараро муносабатларни биргаликда мустаҳкамлаш каби ишларда фойдаланиши керак. Юмшоқ йўл билан бу кишининг позициясини яна ҳам юмшатса бўлади. Агар у киши қаттиқ кетиб қолди деб, унга шундай муносабат қилинса, унда у ҳам радикализм бўлиб қолади. Радикализм ўз вақтида радикализмни яратади. Давлат тарафидан таъқиб этилиб, жамиятни қайсидир бир тарафидан ёқтирилган вазият, ўз вақтида дин билан давлат орасида низони келтириб чиқариши мумкин. Бундай одамларни таъқиб этаверса, уларнинг мухлислари, аудиториясида давлатга қарши фикр пайдо бўлиши мумкин. Бу ўз навбатида қатор муаммоларни пайдо қилади. Шунинг учун давлат оғир вазминлик билан, ақллироқ сиёсат юргизиши керак" - деб ҳисоблайди мутахасис.
Қирғизистонда "Аҳмадия"лар сони мингга яқин экани айтилади ва уларнинг фаолияти расман чекланмагани маълум. Бироқ улар ҳар йили расмий қайта рўйхатдан ўтаётганда, муаммолар юзага келишидан норози бўладилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.






























